
Ҳар йил охирида энг кўп кибержиноятлар содир этилган банклар ва тўлов ташкилотларининг рўйхати эълон қилинади. Бу ҳақда 2025 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Киберхавфсизлик маркази вакили Мақсуджон Мирабдуллаев маълум қилди.
«Кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича банклар ва тўлов ташкилотларига қатъий масъулият юкланган. Авваллари, агар бирор банк ёки тўлов ташкилотида маблағларнинг сизиб чиқиши ёки йирик ўғирликлар қайд этилса, биз бу ҳақда ОАВга хабар бермасдик. Эндиликда эса, камчиликлар ва нуқсонлар туфайли энг кўп кибержиноятлар рўйхатга олинган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхатини эълон қиламиз. Қайси банк самарали ишлагани ва қайси бири кибержиноятлар содир этилишига йўл қўйгани ҳақида статистика юритилади», — деди ИИВ вакили.
ИИВ бу амалиёт банклар ва тўлов ташкилотларининг ахборот ва киберхавфсизлик сиёсатига риоя қилиш бўйича масъулиятини оширишини, шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича кўпроқ чоралар кўришга ундашини кутмоқда.
Марказ вакилининг қўшимча қилишича, ИИВ банк ёки тўлов ташкилотининг айби билан фуқаролар маблағлари ўғирланган ишларнинг тафсилотларини ошкор қилади. «Кибержиноятлар қандай содир этилгани ва қанча пул ўғирланганини эълон қиламиз», — деди Мақсуджон Мирабдуллаев.

