
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 18 март куни Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда картошка етиштиришни ташкил этишдаги жиддий камчиликларни кўрсатиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йили 88 минг гектар майдонда картошка экиш учун 400 миллиард сўм ажратилган бўлса-да, ишлар самарасиз ташкил этилгани сабабли 48 минг гектар майдон экилмай қолган. Натижада ажратилган маблағларнинг атиги 25 фоизидан фойдаланилган холос.
Давлат раҳбари мутасаддиларни барча режалаштирилган майдонларга ўз вақтида экишни таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.
2026 йилда картошка майдонларини 135 минг гектарга, шу жумладан Самарқанд вилоятида 22 минг гектарга етказиш режалаштирилган.
Фермерларни сифатли экиш материали билан таъминлаш учун қўшимча чора-тадбирлар кўзда тутилган. Хусусан, Мисрдан 250 минг дона картошка мини-тугунлари импорт қилинади ва улар вилоятнинг Булунғур туманида кўпайтирила бошланади.
Нидерландиядан 6000 тонна уруғлик картошка олиб келиш режалаштирилган бўлиб, у фермерларга устама нархларсиз етказиб берилади.
Бундан ташқари, Оқдарё туманида қуввати 10 миллион дона картошка мини-тугунига тенг бўлган «ин-витро» лабораторияси ишга туширилган. Президент ушбу лаборатория базасида етиштирилган 40 минг тонна суперэлита уруғларини фермерларга бепул тарқатиш бўйича топшириқ берди.
2026 йил февраль ойида картошка 5 фоизга (2025 йил февралига нисбатан 2 фоизга) қимматлашган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 4,16 миллион тоннадан ортиқ картошка етиштирилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 0,2 фоизга ошган.
Ўзбекистонда картошка етиштиришнинг асосий ҳажми бир нечта ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади. Энг юқори кўрсаткичларни Самарқанд (773,6 минг тонна, қарийб 18,6 фоиз), Андижон (530,7 минг тонна, 12,7 фоиз), Фарғона (480 минг тонна, 11,5 фоиз), Наманган (420,3 минг тонна, 10,1 фоиз), Тошкент (415,4 минг тонна, қарийб 10 фоиз) ва Сурхондарё вилоятлари (394,5 минг тонна, 9,5 фоиз) намойиш этмоқда.
Ушбу 6 та ҳудуд биргаликда мамлакатдаги жами картошка етиштиришнинг 72–73 фоизини таъминлайди, биргина Фарғона водийси (Андижон, Фарғона ва Наманган) ҳиссасига умумий ҳажмнинг қарийб учдан бири тўғри келади.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон 63,6 миллион доллар қийматидаги 772,6 минг тонна картошка импорт қилган. Бу 2024 йилдагига нисбатан 69,7 минг тоннага (+9,9 фоиз) кўп.
Ўзбекистон 2027 йилдан бошлаб картошкага бўлган эҳтиёжни ички ресурслар ҳисобига қоплашни ният қилган, бу ҳақда 2025 йил бошида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилган эди.