
Бир нечта тўлов сервислари ва банклар карталар ўртасидаги пул ўтказмаларининг мақсадини мажбурий кўрсатишни назарда тутувчи янги функцияни жорий этди.
Марказий банк 2026 йил 17 февраль куни банклар ва тўлов ташкилотларига мобил иловаларда p2p-ўтказмалари мақсадини мажбурий кўрсатишни жорий этиш талаби билан хат юборди. Ҳужжат Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев томонидан имзоланган.

Хатдан келиб чиқишича, ушбу топшириқ президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Махсус комиссия йиғилиши якунлари бўйича берилган.
Банклар ва тўлов ташкилотларига мобил иловаларда жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмалар учун «ўтказма мақсади» устунини қўшиш топширилган. Фойдаланувчи хатга илова қилинган рўйхатдан ўтказманинг муайян мақсадини танлаши керак бўлади.
Хатда шунингдек, огоҳлантириш ҳам мавжуд: талаблар ўз вақтида ёки тўлиқ бажарилмаган тақдирда, тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар ва санкциялар қўлланилиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу талаб регуляторнинг норматив ҳужжатларида акс эттирилмаган.
Маблағ юборилаётганда фойдаланувчига 16 та тоифадан бирини танлаш таклиф этилади:
- товарлар ёки савдо операциялари учун тўлов;
- озиқ-овқат ва овқатланиш харажатлари;
- қарзни қайтариш;
- пул ёрдами;
- оилага ёки қариндошларга ўтказма;
- совға;
- етказиб бериш учун тўлов;
- ижара тўлови;
- коммунал тўловлар;
- саёҳат харажатлари;
- таълим харажатлари;
- тиббий харажатлар;
- хайрия эҳсони;
- «миннатдорчилик учун» (чойчақа);
- кўнгилочар тадбирлар харажатлари;
- инвестиция ўтказмалари.
Шу билан бирга, бир қатор бошқа банк ва тўлов иловаларида (Payme, Click, Paynet) бундай талаб ҳозирча пайдо бўлмаган.
Марказий банк матбуот хизмати маълум қилишича, банклар ва тўлов ташкилотлари рақамли сервисларни ривожлантириш доирасида мобил иловалар функционалини босқичма-босқич янгилаши мумкин, жумладан, ўтказмаларни амалга оширишда аниқлаштирувчи параметрларни жорий этиши мумкин.
«Bank va Mijoz» Telegram-канали маълумотига кўра, Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига мобил иловаларда операцияларни амалга оширишда ўтказма мақсадини мажбурий танлаш функциясини жорий этиш бўйича тавсиялар юборган.
Регуляторнинг қайд этишича, ўзгартиришлар техник хусусиятга эга бўлиб, сервислар ишини такомиллаштириш ва операцияларни тўғри қайта ишлашга қаратилган. Янгиланишлар формати ва ҳажмини ҳар бир молиявий ташкилот ўз иловаси архитектурасини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгилайди, дейилади хабарда.
Марказий банк фойдаланувчи томонидан кўрсатилган маълумотлар фақат мобил илованинг ишлаши доирасида қайта ишланишини ва учинчи ташкилотларга берилмаслигини таъкидлади. Шунингдек, фойдаланувчиларга ўтказмани тасдиқлашдан олдин реквизитларни диққат билан текшириш, тасдиқлаш кодларини учинчи шахсларга бермаслик ва молиявий қарорларни вазминлик билан қабул қилиш тавсия этилган.
Регуляторнинг қайд этишича, ўзгартиришлар операцияларни амалга оширишнинг одатий тартибига таъсир қилмайди ва мижозлар учун қўшимча чекловлар жорий этмайди.