
Канаданинг ҳукмрон Либерал партияси янги раҳбари этиб собиқ Канада ва Англия банклари раҳбари Марк Карни сайланди, деб хабар беради CBC. У ички партиявий овоз бериш натижасида 85% дан ортиқ овоз тўплади.
Карни бош вазир лавозимида Жастин Трюдони алмаштиради. Трюдо 2025 йил январь ойида истеъфога чиқиш ниятида эканини маълум қилган эди. Унинг қарори ҳукумат партиясининг рейтинги пасайиши, шу жумладан озиқ-овқат ва уй-жой нархларининг ошиши фонида қабул қилинган.
Янги бош вазир сайлови Канада ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган пайтга тўғри келди. Америка президенти Дональд Трамп аввалроқ Канада импортига 25% лик бож жорий қилди ҳамда бир неча маротаба қўшни давлатни АҚШнинг 51-штатига айлантириш нияти борлигини айтди.
Ғалабадан кейинги нутқида Карни АҚШ маҳсулотларига қўйилган божни «америкаликлар канадаликларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлмагунча» бекор қилмаслигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу бож орқали тушган барча маблағлар ишчиларга ёрдам сифатида сарфланади.
«Биз бу курашни бошлашни хоҳламаган эдик, аммо канадаликлар ҳар доим чақирувга тайёр. Америкаликлар хато қилмасин. Савдо ҳам, хоккей ҳам Канада ғалабаси билан якунланади», — деди Карни.
«Америка — бу Канада эмас. Канада ҳеч қачон Американинг бир қисми бўлмайди — на шаклан, на мазмунан», — дея қўшимча қилди у.
Карни Трюдо расман истеъфога чиққанидан кейин лавозимига киришади. Трюдонинг айтишича, бу яқин кунлар ёки ҳафта ичида юз беради.
59 ёшли Карни Гарвард университетини тамомлаган ва таниқли иқтисодчи ҳисобланади. У 13 йил давомида Goldman Sachs банкининг Лондон, Токио, Нью-Йорк ва Торонтодаги бўлимларида ишлаган. 2008—2013 йилларда Канада банкига, 2013—2020 йилларда эса Англия банкига раҳбарлик қилган. У Англия марказий банкига 1694 йилда асос солинганидан буён бу лавозимни эгаллаган биринчи келиб чиқиши британиялик бўлмаган шахс ҳисобланади.
Сайловолди кампанияси давомида Карни ўзини «юкори лавозимга интилувчи аутсайдер» сифатида кўрсатди ва рейтинги пасайган Трюдо ҳукуматидан узоқ эканини таъкидлади.