
Канада 2025 йил сентябрда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Фаластин давлатини тан олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Марк Карни маълум қилди, деб хабар беради BBC News.
Канада сўнгги кунларда Фаластин давлатини тан олиш режаларини эълон қилган учинчи G7 («Катта еттилик») давлати бўлди. Бундан аввалроқ Франция ва Буюк Британия бундай қадамни эълон қилган эди.
Шу билан бирга, Карнининг таъкидлашича, Канаданинг қарори Фаластин маъмуриятининг 2026 йилда (2006 йилдан бери биринчи марта) ҲАМАС гуруҳи иштирокисиз сайловлар ўтказиш, шунингдек, ҳудудни демилитаризация қилиш мажбуриятларига боғлиқ бўлади.
Карнининг сўзларига кўра, Канада ташқи сиёсати йўналишининг ўзгаришига Иордан дарёсининг оккупация қилинган Ғарбий соҳилида Исроил аҳоли пунктларининг кенгайиши, Ғазо секторидаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашуви ва 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми таъсир кўрсатган.
«Ғазодаги инсоний азоблар даражаси чидаб бўлмас ва вазият тез суръатлар билан ёмонлашмоқда», — деди Карни.
Карнининг баёноти Исроил Ташқи ишлар вазирлиги томонидан танқид қилинди.
«Канада ҳукумати позициясининг ўзгариши ҲАМАС учун мукофотдир ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳамда гаровга олинганларни озод қилиш учун асос яратиш бўйича саъй-ҳаракатларга зарар етказади», — дейилади вазирлик баёнотида.