
Канада, Австралия ва Буюк Британия якшанба куни, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси очилиши арафасида, деярли бир вақтда Фаластин давлатини тан олишини эълон қилди.
Канада «Катта еттилик» (G7) мамлакатлари орасида (у шунингдек, Буюк Британия, Германия, Италия, АҚШ, Франция ва Японияни бирлаштиради) Фаластинни расман тан олган биринчи давлат бўлди.
Канада Бош вазири Марк Карни шундай деди: «Исроилнинг ҳозирги ҳукумати Фаластин давлатининг ташкил топишини бутунлай олдини олиш учун тизимли равишда ишламоқда. У Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида халқаро ҳуқуққа зид бўлган аҳоли пунктларини кенгайтириш сиёсатини доимий равишда олиб бормоқда».
«Ғазога узлуксиз ҳужумлар ўн минглаб тинч аҳолининг ҳалок бўлишига, 1 миллиондан ортиқ кишининг кўчирилишига олиб келди ва халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда, олди олиниши мумкин бўлган даҳшатли очарчиликни келтириб чиқарди. Исроилнинг ҳозирги ҳукумати Фаластин давлатини тузишга йўл қўймаслик сиёсатини очиқчасига эълон қилмоқда», — деди.
«Айнан мана шундай шароитда Канада Фаластин давлатини тан олади ва ҳам Фаластин давлати, ҳам Исроил давлати учун тинч келажакни қуришда ўз ҳамкорлигини таклиф этади. Канада буни икки давлат тамойили асосидаги можарони ҳал қилиш имкониятини сақлаб қолишга қаратилган мувофиқлаштирилган халқаро саъй-ҳаракатлар доирасида амалга оширмоқда», — дея таъкидлади Марк Карни.
Унинг таъкидлашича, Канада «бу тан олиш ҳамма дардга даво эканлиги ҳақидаги хом хаёлга берилмайди», лекин у «БМТ Низомида мустаҳкамланган ўзини ўзи белгилаш ва асосий инсон ҳуқуқлари тамойилларига, шунингдек, Канаданинг авлодлар давомида олиб борган изчил сиёсатига тўлиқ мос келади».
Австралия Бош вазири Энтони Албаниз ва Ташқи ишлар вазири Пенни Вонг қўшма баёнотда мамлакат «мустақил ва суверен Фаластин давлатини расман тан олишини» таъкидладилар.
«Шу билан Австралия Фаластин халқининг ўз давлатига эга бўлиш ҳақидаги қонуний ва узоқ йиллик интилишларини тан олади», — дейилади баёнотда.
«Бугунги тан олиш ҳаракати Австралиянинг икки давлат ечимига бўлган узоқ муддатли содиқлигини акс эттиради, бу ҳар доим Исроил ва Фаластин халқлари учун мустаҳкам тинчлик ва хавфсизликка олиб борадиган ягона йўл бўлиб келган», — дея таъкидлади улар.
Баёнотда халқаро ҳамжамият томонидан Фаластин маъмуриятига нисбатан қўйилган «аниқ талаблар» ҳақида сўз боради. Унда Фаластин раҳбарияти Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш, демократик сайловлар ўтказиш ҳамда молия, бошқарув ва таълим соҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш ҳақида баёнот бергани қайд этилган.
«ҲАМАС террорчи ташкилоти Фаластинда ҳеч қандай роль ўйнамаслиги керак», — дея алоҳида қайд этилган баёнотда.
Фаластин маъмурияти ислоҳотлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда муваффақиятга эришгани сайин, Фаластин элчихонасини очиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилади, дея таъкидлади Австралия Бош вазири ва ТИВ раҳбари.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер 6 дақиқалик видеомурожаатида шундай деди: «Икки давлат ечимига умид сўнмоқда, лекин биз бу нурнинг ўчишига йўл қўя олмаймиз… Бугун, тинчлик ва икки давлат ечимига бўлган умидни қайта тиклаш учун, мен ушбу буюк мамлакатнинг Бош вазири сифатида аниқ айтаманки, Буюк Британия расман Фаластин давлатини тан олади».
«Яқин Шарқдаги кучайиб бораётган даҳшатлар олдида, биз тинчлик ва икки давлат ечими имкониятини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Бу яшашга қодир бўлган Фаластин давлати билан бирга хавфсиз ва ишончли Исроилни англатади. Ҳозирги пайтда бизда буларнинг ҳеч бири йўқ», — деди у ўз мурожаатида.
Кир Стармер Исроил ва АҚШ танқидларини рад этиб, Фаластинни тан олиш ҲАМАСга совға эмаслигини ва Буюк Британия яқин орада гуруҳга қарши янги санкциялар эълон қилишини билдирди.
Британия ҳукумати раҳбари Исроилни Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришни кўпайтиришга рухсат беришга чақирди.
«Ғазодаги инсон томонидан яратилган гуманитар фалокат янги чуқурликларга етмоқда. Исроил ҳукуматининг Ғазодаги тинимсиз ва кучайиб бораётган бомбардимонлари, сўнгги ҳафталардаги ҳужумлари, очарчилик ва вайронагарчилик мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Ўн минглаб одамлар, жумладан, озиқ-овқат ва сув олишга уринган минглаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ўлимлар ва вайронагарчиликлар барчамизни даҳшатга солмоқда. Бу тўхтатилиши керак», — дея таъкидлади.
«Бу чуқур рамзий қадам Британиянинг Фаластиндаги мандати тугаганидан ва Исроил давлати ташкил топганидан етмиш йил ўтиб амалга оширилмоқда», — деб ёзади The Guardian.
2025 йил июль ойида Кир Стармер Исроил бир қатор шартларни, жумладан, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш шартини бажармаса, Буюк Британия Фаластинни тан олишини айтган эди. Исроил буни амалга оширмади, бундан ташқари, у Ғарбий Соҳилда аҳоли пунктларини кенгайтиришда давом этмоқда.
«Фаластин давлатини тан олиш қарори — Буюк Британия ташқи сиёсатидаги жиддий ўзгаришдир. Сўнгги йилларда мамлакатнинг турли ҳукуматлари изчиллик билан тан олиш тинчлик жараёни доирасида ва тўғри пайтда бўлиши кераклигини таъкидлаб келган. Бироқ, ҳозирда ҳукумат Буюк Британия зиммасида ахлоқий масъулият борлигини ва узоқ муддатли тинчликка умидни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиш кераклигини даъво қилмоқда», — деб ёзади BBC.
Келгуси ҳафта охиригача 150 дан ортиқ давлат Фаластинни тан олиши керак (баъзилари — бир қатор шартлар билан). Франция, Португалия, Бельгия ва бошқа давлатлар ҳам бундай ниятда эканликларини билдиришган.