
2026 йил 20 январгача эълон қилиниши керак бўлган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) ҳозирча эълон қилинмади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буни эълон қилиш учун Миллий статистика қўмитаси масъул эканини, МИХ ўсиши ва инфляция даражаси ўртасидаги фарқ эса ҳисоблаш методологияси билан боғлиқлигини тушунтирди.
2026 йил 30 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Газета» журналисти камбағаллик чегарасини ҳамда нафақа ва пенсияларнинг минимал миқдорини белгиловчи кўрсаткич шу йилнинг 20 январигача оширилиши керак бўлгани, бироқ бу амалга ошмаганини эслатди. У ушбу кўрсаткич қанчага ўсиши мумкинлиги ва нега баъзан МИХ инфляция даражасидан пастроқ бўлиши билан қизиқди.
Минимал истеъмол харажатларининг эълон қилиниши кечикиши ижтимоий тўловлар белгиланган муддатдан кечроқ индексация қилинишига олиб келади, бунинг оқибатида кам таъминланган оилалар маблағларни амалда тўлиқ олмай қолади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Акмалжон Ғаниев инфляция даражаси ва МИХ ўсиши ўртасидаги фарқ аҳолининг кам таъминланган қатламлари истеъмол таркиби билан изоҳланишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, уларнинг истеъмол савати таркиби иқтисодиётдаги ўртача кўрсаткичдан фарқ қилади.
«Масалан, агар умумий инфляцияда озиқ-овқат улуши қарийб 40 фоизни ташкил этса, минимал истеъмол харажатлари таркибида озиқ-овқат улуши 70 фоизгача етиши мумкин».
Шунга кўра, агар озиқ-овқат маҳсулотлари хизматларга қараганда секинроқ қимматлашса, МИХнинг якуний индексацияси умумий инфляциядан пастроқ бўлиши мумкин.
«Агар озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари хизматлар нархига қараганда секинроқ ўсган бўлса, кам таъминланган фуқаролар истеъмол таркибида озиқ-овқат улуши юқорилиги ҳисобига якуний индексация умумий инфляциядан пастроқ бўлиши мумкин. Ўтган йили ҳам шундай бўлган эди», — дея тушунтирди.
Бу йил кўрсаткич қандай ҳисобланиши, унинг сўзларига кўра, кейинроқ маълум бўлади.
Кўп ўлчовли камбағаллик ва ҳудудий кўрсаткичлар
«Газета» журналисти, шунингдек, кўп ўлчовли камбағаллик кўрсаткичини жорий этиш истиқболлари ва, масалан, энергетик тенгсизликни ҳисобга олган ҳолда ҳудудий баҳолашга ўтиш имконияти ҳақида савол берди. Хусусан, вилоятлар аҳолиси энергия учун кўпроқ маблағ сарфлайди (газ тақчиллиги ва истеъмолнинг базавий меъёрларидан ошиши туфайли тарифлар бир неча баробар ортади) ва бу камбағаллашишнинг қўшимча омили бўлиши мумкин.
БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) Оксфорд камбағаллик ва инсон тараққиёти ташаббуси (OPHI) билан ҳамкорликда ишлаб чиққан кўп ўлчовли камбағаллик (Multidimensional Poverty Index, MPI) — бу камбағалликни нафақат даромад даражаси, балки инсоннинг амалдаги яшаш шароитлари бўйича ўлчаш ёндашувидир. У бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳалардаги — соғлиқни сақлаш, таълим ва яшаш шароитларидаги маҳрумликларни ҳисобга олади. Классик моделда ўқиш йиллари, болаларнинг мактабга бориши, сув ва электр энергиясидан фойдаланиш имконияти, санитария, уй-жой сифати, овқатланиш ва бошқа асосий шароитлар таҳлил қилинади.
Агар инсон бир вақтнинг ўзида ушбу кўрсаткичларнинг бир нечтаси бўйича жиддий маҳрумликка учраса (одатда маҳрумликнинг умумий даражаси 33 фоиздан ошса), у кўп ўлчовли камбағал ҳисобланади.
Акмалжон Ғаниев бу йўналишда ишлар аллақачон олиб борилаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Оксфорд университети мутахассислари билан биргаликда кўп ўлчовли камбағаллик даражасини аниқлаш бўйича дастлабки тадқиқотларни ўтказган.
«Ушбу тадқиқотлар натижалари яқин вақт ичида институтларнинг ўзлари томонидан эълон қилиниши кутилмоқда», — деди департамент бошлиғи ўринбосари.
Бундан ташқари, минимал истеъмол харажатларини ҳудудлар кесимида белгилаш бўйича методологик ва таҳлилий ишлар бошланган.
«Бу натижалар айнан қачон эълон қилиниши ва механизм қачон жорий этилишини ҳозир айта олмайман. Аммо умуман олганда, бу йўналишларда иш олиб борилмоқда», — деди Ғаниев.
Камбағаллик даражаси
Ўзбекистонда 2025 йил якунларига кўра 366 минг оила камбағалликдан чиққан (Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки сўрови маълумотларига кўра 302 минг): расмий камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизгача камайган.
Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари охирги марта 2025 йил февраль ойида 3,2 фоизга — ойига 648 минг сўмдан 669 минг сўмгача оширилган эди.
Таққослаш учун: Қирғизистонда камбағаллик даражаси тахминан 25 фоизни ташкил этади. Бу камбағаллик даражасини аниқлаш учун база сифатида ишлатиладиган яшаш минимуми юқорироқ даражада белгилангани билан боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, Қирғизистонда яшаш минимуми 9,2 фоизга ўсиб, 8697,32 сомни (тахминан 1,2 млн сўм) ташкил этди. Қўшни давлатда кўрсаткич ҳудудлар ва аҳоли гуруҳлари (жинси, болалар ёши, пенсионерлар, банд бўлганлар) кесимида белгиланади. Энг юқори яшаш минимуми пойтахт Бишкекда: 8984,12 сом. Болалар учун у 7379,07 сомни ташкил этади.