
Ўзбекистонда кам таъминланган оилалардан бўлган расмий равишда иш билан таъминланган ёлғиз ота-оналарга болалар боғчаси тўлови учун моддий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги қарорида назарда тутилган.
Бундай тўловлар президент фармони (ПФ-185) доирасида 2025 йил 1 мартдан бошлаб Давлат ижтимоий ҳимоя фондидан субсидиялар кўринишида амалга оширилиши керак эди.
Ҳужжатга кўра, ёрдам расмий равишда иш билан таъминланган ҳамда боғчага борадиган (мулкчилик шаклидан қатъи назар) 3 ёшгача фарзанди бор ёлғиз оналар ва оталарга ижтимоий шартнома асосида берилади. Тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараваригача (618 минг сўм) бўлади.
Моддий ёрдам фақат 3 ёшгача бўлган битта болага берилади. Эгизаклар туғилган тақдирда, тўлов болаларнинг ҳар бирига берилади.
Моддий ёрдам олиш учун ота-она 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ариза топшириши мумкин:
- шахсан — «Инсон» марказлари ёки Давлат хизматлари марказларига;
- ижтимоий ходим орқали;
- онлайн — Ягона миллий ижтимоий ҳимоя ахборот тизими (ЯМИҲАТ) ёки my.gov.uz портали орқали.
Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
- ота-онанинг паспорт маълумотлари (фуқаронинг биометрик паспорти);
- боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси маълумотлари (3 ёшгача);
- мобил телефон рақами;
- Халқ банкида очилган банк картаси реквизитлари.
Тўловлар қонуний вакилларнинг ижтимоий карталарига, улар мавжуд бўлмаганда эса Халқ банкида очилган банк карталарига ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ўтказилади.
Ижтимоий карталар 2024 йилдан Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синов тариқасида жорий этилмоқда, 2025 йил 1 июлдан бошлаб улар бутун мамлакат бўйлаб жорий этила бошланди.
Қуйидаги ҳолларда моддий ёрдам берилмайди:
- ариза берувчи Камбағал оилалар реестрига киритилмаган бўлса;
- расмий иш билан таъминланмаган бўлса;
- бола уч ёшга тўлган бўлса;
- бола мактабгача таълим ташкилотига бормаса;
- аввалроқ бошқа болага (эгизаклар бундан мустасно) ёрдам тайинланган бўлса.
Бола 3 ёшга тўлганда, оила реестрдан чиқарилганда, ариза берувчи ишсиз қолганда, бола доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетганда, давлатнинг тўлиқ таъминотига ўтказилганда, боғчага қатнашни тўхтатганда, бола вафот этганда ёки ариза берувчи ижтимоий шартнома шартларини бажармаганда тўлов тўхтатилади.