
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни кам таъминланган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 15 майдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган ёки унга киритилиш хавфи бўлган оилалар 3 тоифага бўлинади: “қизил”, “сариқ” ва “яшил”. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тоифага қараб тақдим этилади (уй-жойни таъмирлаш, реконструкция қилиш, мослаштириш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдам бундан мустасно).
“Қизил” тоифага ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад энг кам истеъмол харажатларидан паст бўлган ва қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берадиган оилалар киради:
- оиланинг камида бир аъзоси саломатлиги туфайли меҳнат қила олмайди;
- оилада ногиронлиги бўлган бола, шу жумладан доимий парваришга муҳтож шахс бор;
- оила ўзганинг парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёки ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат;
- боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси озодликдан маҳрум этилган жойларда бўлган оила.
“Сариқ” тоифага ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад энг кам истеъмол харажатларидан паст бўлган, лекин меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган оилалар киради.
“Яшил” тоифа – даромади ҳар бир аъзосига энг кам истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган ва қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берадиган оилалар:
- аввал “қизил” ёки “сариқ” тоифада бўлган, лекин ундан чиқарилган;
- Камбағал оилалар реестрига киритилиш эҳтимоли юқори бўлган.
Ушбу тизим Президентга 2024 йил 14 августда тақдим этилган эди. Ўшанда уч йил ичида мамлакатда қашшоқлик даражасини 7%га тушириш мақсади қўйилган эди.
1 июндан бошлаб Ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги оилалар учун кўзда тутилган ижтимоий хизматлар, ёрдам ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестридаги оилаларга ҳам татбиқ этилади, 2026 йил 1 январдан эса фақат Камбағал оилалар реестридаги шахсларга татбиқ этилади.
Давлат хизматларидан фойдаланганлик учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50%, “қизил” тоифага киритилган оилаларга эса 75% чегирмалар берилади.
Агар оила “қизил” ёки “сариқ” тоифадан “яшил” тоифага ўтса, у кейинги 12 ой давомида давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади. “Қизил” тоифадаги оилаларга пассив даромадни таъминлайдиган қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилади.
Бундай чоралар жумласига:
- оилаларнинг уйларига қуёш панелларини ўрнатиш;
- уларнинг участкалари ҳудудида кўчма дўконларни ўрнатиш.
Барча ижтимоий хизматлар ва ёрдам оиланинг кам таъминланган деб тан олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёки шахснинг камбағал деб тан олинган оила аъзоси эканлигини тасдиқловчи маълумотнома асосида кўрсатилади.
Камбағал оилаларни реестрга аниқлаш ва киритиш ҳамда уларни тоифаларга ажратиш тартиби алоҳида ҳуқуқий ҳужжатда белгиланади, уни тегишли идоралар июнь ойи давомида ишлаб чиқиши керак.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб “қизил” тоифадаги аъло баҳоларга ўқиётган талаба қизларга 2 баравар базавий стипендия миқдорида махсус стипендия тўланади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларидаги узайтирилган кун гуруҳларида кам таъминланган оилаларнинг болалари учун 15% жой ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод қилинади.
2026 йил 1 январдан бошлаб кам таъминланган оилаларнинг аълочи болаларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лагерларида дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари Болаларнинг соғломлаштирилишига кўмаклашиш ва аҳоли саломатлигини тиклаш жамғармаси томонидан тўлиқ қопланади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи этиб белгиланди.