
Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар беришича, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳудудий бўлинмаси ходими коррупция гумони билан қўлга олинган.
Идора маълумотларига кўра, у маҳаллий фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 9 сотих ер майдонига нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома расмийлаштириш учун 1200 АҚШ доллари талаб қилган. Туман филиали кадастр муҳандиси мазкур суммани олаётган вақтида қўлга олинганлиги хабар қилинган.
Қўлга олинган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик, яъни хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда) ва 28-моддаси орқали 211-моддаси 1-қисми (пора беришга шериклик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.