Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 19/02/2026

Журналистика университети талабаси дарсларга қўйилмагани ҳақида (видео)

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистратура босқичининг биринчи курс талабаси Акмал Йўлдошев галстук тақишни ҳам назарда тутувчи дресс-кодга амал қилмагани сабабли дарсларга қўйилмаганидан шикоят қилди. 2026 йил 16 февраль куни Баҳодирхон Элибоев томонидан эълон қилинган ушбу интервью олий ўқув юртларида форма кийиш зарурати бўйича муҳокамаларнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди.

«Менинг ташқи кўринишим билим ва компетенцияларимни белгиламайди»

«Мени галстугим йўқлиги сабабли ичкарига киритишмади, — дейди талаба видеода. — Ҳеч ким мендан дарсларга тайёрлигим, маърузаларга қатнашишим ёки адабиётларни ўқиётганим ҳақида сўрамади. „Галстугинг йўқми — кет, бу ички тартиб-қоидалар, улар ҳамма нарсадан устун“. Агар дресс-кодга мос бўлсанг — кирасан. Шунга қарамай, курсдошларим ва кичик курс талабалари билан бизни барибир ичкарига киритишади деган умидда шу ерда турибмиз».

Олийгоҳлардаги формага муносабати ҳақидаги саволга Акмал Йўлдошев шундай жавоб берди: «Салбий. Чунки менинг ташқи кўринишим билимларимни, профессионал компетенцияларимни ёки қанчалик иқтидорли журналист эканимни белгиламайди».

«Мен университетга келаман, университет эса менга хизмат кўрсатади. Бу бўйича ўртамизда шартнома тузилган. Мен пул тўлаганман, менга маърузалар ўқилиши керак, мен семинарларда қатнашишим лозим, бу билимлар баҳоланиши ва якунда диплом олишим керак», — дея таъкидлади талаба.

«Ҳозир қандайдир ички тартиб туфайли менинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларим, талабалик ҳуқуқларим бузиляпти. Мен галстук кўрсатиш учун ёки кимларнингдир „бизнинг университетда ҳамма галстукда“ деган гаплари учун эмас, билим олиш учун келаман», — дея давом этди.

Акмал Йўлдошев олийгоҳ маъмурияти дарсларга қўйилмаган (давоматда «н.б.» олган) талабалар ушбу қолдирилган дарсларни «ёпиш» учун яна қайта пул тўлашига тўғри келишини инобатга олмаётганини қайд этди.

«Агар менга талаба сифатида қарашганида, эшикларни олдимда қувонч билан очишган бўларди. „Азиз талаба, марҳамат, кир ва билим ол“. Менга эса талабадек эмас, балки қандайдир ижтимоий объект, бошқа институт ва университетлар билан солиштириш объектидек қарашяпти. „Қаранг, бизнинг талабамиз галстук тақади“. Агар менга талабадек муносабатда бўлишганида, ҳозир аудиторияда ўтирган бўлардим», — дея қўшимча қилди.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар дресс-код мавжудлигини бўлажак журналистлар эркинлигини чеклашга бўлган уриниш билан қиёслашди. Айримлар Акмал Йўлдошев баъзи раҳбарлардан кўра соғломроқ фикр юритаётганини таъкидлашди.

«Ички қоидалар муҳокама қилинмайди»

Журналистика университети декани Оиша Зокирова Facebook саҳифасида талабанинг видеоинтервьюсига муносабат билдирди. Пост чекланган режимда эълон қилинган (ҳамма учун кўринмайди).

«Душанба — янги ўқув ҳафтасининг бошланиши. Бироқ, афсуски, баъзи талаба ва магистрантлар университетнинг ички тартиб-қоидаларига ҳурматсизлик кўрсатишди. Университет — бу шунчаки таълим муассасаси эмас. Бу интеллектуал муҳит, тарбия мактаби, профессионал шахс шаклланадиган маскандир. Ички қоидалар муҳокама қилиш учун эмас, балки ижро этиш учун ўрнатилади ва уларга ҳамма бирдек амал қилади! Улар ҳар бир ташкилотнинг имиджини шакллантиришга хизмат қилади! Оқ кўйлак ва галстук — академик маданият, поклик, интизом ва ҳурмат рамзидир. Уни тақишнинг нимаси ёмон?!» — деб ёзган университет вакили.

Оиша Зокирова декан сифатида университет имиджи, академик муҳит ва тартиб учун шахсан жавобгар эканини маълум қилди.

«Шунинг учун ички қоидаларга риоя қилиш масаласида ҳеч қандай ён бериш бўлиши мумкин эмас. Оддий интизом ва ички тартиб ислоҳотлар учун асосий шартдир. Бундан ташқари, ўзинг ўқиётган университетнинг обрўсини оддий, элементар талаб туфайли тўкиш, уни омма олдида ёмоннотли қилиш — овқат еб ўтирган идишингга тупуриш билан баробар. Буни унутманг, азиз талабалар!!!» — деб ёзди декан.

Кейинроқ у журналист ўзи ишлаётган ташкилот қоидаларига ёки шахсий хоҳишига кўра кийиниш ҳуқуқига эга эканини қўшимча қилди. «Лекин университетда таҳсил олаётган ҳар бир талаба унинг ички қоидаларига бўйсуниши шарт! Бундан ташқари, видеода кўрсатилган талабаларнинг барчаси формасиз келгани учун эмас, балки дарсга кечиккани учун ичкарига киритилмаган», — дея даъво қилди Оиша Зокирова.

«Бизни дарсга киритишга мажбур эдилар»

Акмал Йўлдошевнинг айтишича, у ва курсдошлари видеомурожаатни эълон қилиш орқали кимгадир муаммо туғдиришни мақсад қилишмаган. «Биз шунчаки хафа бўлдик. Дарсга вақтида келгандик, кечикмагандик… Ҳеч қандай этика қоидаларини бузмадик. Беҳаё кийинмагандик, бирор-бир субмаданиятни тарғиб қилувчи кийимда эмасдик. Замонавий тилда айтганда, Smart Casual услубида келгандик».

«Бироқ бизни киритишмади. Биз шунчаки маърузага кирмоқчи эдик, чунки унга тайёргарлик кўриб келгандик. Улар биздан тушунтириш хати талаб қилиши ёки деканатга ариза ёзиши мумкин эди. Лекин улар бизни дарсга киритишга мажбур эдилар. Бу интервьюимдаги асосий жиҳат. Мен ҳаммани формадан воз кечишга ёки тартибсизликка чақирмадим», — деди талаба.

«Мен бу ерда устозларимни яхши кўрганим учун ўқияпман. Умид қиламанки, уларни жазолашмади. Улар учун хавотирдаман… Биз ОАВга мурожаат қилмадик. Шунчаки шахсий саҳифаларимизда шахсий фикримизни бўлишдик. Агар кимдир буни ҳам назорат қилмоқчи бўлса, демак бу журналистикамизнинг келажаги қандай эканини кўрсатади», — дея қўшимча қилди Акмал Йўлдошев.

«Олийгоҳлар дресс-код жорий этиш ҳуқуқига эга»

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги «Газета.uz»га берган изоҳида олийгоҳлар дресс-код жорий этиш ҳуқуқига эга эканини билдирди.

«Ҳар бир олий таълим муассасаси ўз ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодекси асосида талабаларнинг ташқи кўриниши ва дресс-кодига нисбатан талаблар белгилаш ҳуқуқига эга. Ушбу қоидалар университет кенгаши томонидан тасдиқланади ва барча талабалар учун мажбурий ҳисобланади», — деди вазирлик вакили.

Вазирлик талабанинг видеоинтервьюси юзасидан бирор-бир позиция билдирмади.

Кейинроқ Олий таълим вазирлиги баёнот бериб, олийгоҳларда талабалар учун мажбурий форма йўқлигини ҳамда талабаларнинг шахс сифатидаги танлов эркинлиги ва ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланганини маълум қилди. Шу билан бирга, олийгоҳларнинг имиджи ва брендларини ишлаб чиқиш билан бирга корпоратив форма жорий этиш режалари борлигини эслатиб ўтди.