Ўзбекистон Россия билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади

Ўзбекистон ва Россия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги протоколни имзоладилар. Ҳужжат 2025 йил 21 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга ишчи ташрифи доирасида президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников томонидан имзоланди.

«Музокаралар изчил, мазмунли ва конструктив ўтди ва бугун улар ижобий натижа билан якунланди», — деб ёзди Азизбек Урунов LinkedIn саҳифасида.

«Ҳали қилиниши керак бўлган муайян ишлар бор ва ҳозирда биз бор эътиборимизни кўп томонлама музокараларни жадаллаштиришга, зарур қонунчилик ўзгартиришларини якунлашга ва кейинги йилда аъзо бўлиш жараёнини муваффақиятли тугатишга қаратганмиз», — деб таъкидлади мамлакатнинг бош музокарачиси.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясига қадар аъзо бўлишни ният қилган.

Яқинда Азизбек Урунов ушбу жараёндаги эҳтимолий кечикишлардан хавотирда эканини маълум қилган эди. Айрим протоколлар бозорга кириш билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра имзоланмасдан қолмоқда. «Бир қатор ҳолатларда бозорга кириш масалалари тилга олинмоқда, бироқ улар узоқ вақт давомида музокаралар столида моҳиятан кўтарилмаган», — деб қайд этди президент вакили ЖСТ Бош кенгаши йиғилишида.

Ҳозирги вақтга қадар 33 та давлатдан 31 таси билан протоколлар имзоланган. Музокараларни фақат Хитой Тайбэйи билан якунлаш қолган.