
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш бўйича Европа Иттифоқи билан икки томонлама музокараларни расман якунлади. Бу ҳақда 2025 йил 24 октябрь куни ўзбек томони бош музокарачиси, Президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу 2 йилдан ортиқ давом этган фаол музокаралар, таҳлиллар ва биргаликдаги ишлар натижаси бўлди.
«Бу муҳим босқич ЕИга аъзо 27 та давлат билан бозорга кириш масалалари, жумладан, экспорт ва импорт божлари, шунингдек, хизматлар соҳасидаги ён беришлар бўйича музокаралар муваффақиятли якунланганидан далолат беради», — дея қайд этди.
Азизбек Урунов ЕИ Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида икки томонлама музокараларни якунлаган 31-томон бўлганини таъкидлади.
«Бир ҳафта олдин Панама билан келишув имзолаган эдик. Шундай қилиб, бугунги кунга қадар 31 та давлат билан музокаралар якунланди, 3 таси қолди», — деди.
Европа Комиссияси ҳам ўз сайтида музокаралар якунланганини расман эълон қилди.
«ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама келишув Ўзбекистоннинг товарларни импорт ва экспорт қилишда максимал тариф ставкалари бўйича мажбуриятларини, шунингдек, хизматлар соҳасидаги ён беришларни ўз ичига олади. Бу мажбуриятлар ва ён беришлар Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш тўғрисидаги келажакдаги Протоколида мустаҳкамланади», — дейилади баёнотда.
ЕИ Ўзбекистоннинг учинчи энг муҳим савдо ҳамкори (2024 йилда Ўзбекистон ташқи савдосининг 10,4% унинг ҳиссасига тўғри келган) ва иккинчи йирик экспорт бозори (экспортнинг 7,2%) ҳисобланади.
2025 йил сентябрь ойи ўрталарида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш доирасида Аргентина, Австралия ва Гондурас билан бозорга кириш бўйича протоколларни имзолаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон АҚШ, Хитой, Буюк Британия каби давлатлар билан ЖСТга кириш бўйича музокараларни якунлаган.
Ўзбекистон 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган ЖСТнинг 14-вазирлар конференциясига қадар музокараларни якунлаш ва савдо ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлишни режалаштирмоқда.
Қўшилиш тартиби доирасида номзодлар тарифлар ва хизматлар бўйича мажбуриятларни ўз ичига олган икки томонлама келишувларни ЖСТнинг манфаатдор аъзолари билан тузиши шарт. Бу мажбуриятлар қўшилиш жараёни якунлангандан сўнг ЖСТнинг барча аъзоларига татбиқ этилади.

