Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 23/01/2026

Соул юлдузи Жон Леженд илк бор Марказий Осиёда чиқиш қилади, концерт Самарқандда бўлиб ўтади

Соул ва поп-мусиқа юлдузи Жон Леженд 2026 йил 8 июнь куни Самарқанддаги Регистон майдонида концерт беради, деб хабар қилди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Хонанданинг концерти Марказий Осиёда илк бор ўтказилади.

«Леженднинг севги ва тинчлик ғоялари билан йўғрилган мусиқаси Самарқанднинг қадимий меъморий обидалари фонида ўзгача акс-садо беради. Регистондаги чиқиш нафақат мусиқий байрам, балки замон, тарих ва замонавий жаҳон маданияти ўртасидаги мулоқотнинг маданий рамзига айланади», — деб қайд этди жамғарма.

Жон Леженд соул, R&B ва поп жанрларидаги мусиқалар муаллифи, пианиночи, ижрочи, актёр ва продюсер сифатида машҳур. У ўз ижоди учун 13 та «Грэмми» ҳайкалчасини ҳамда «Оскар», «Эмми» ва «Тони» мукофотларининг ҳар биридан биттадан қўлга киритган.

Унга илк «Грэмми» мукофотларини 2004 йилдаги Get Lifted альбоми келтирган.

2015 йилда рэпер Common билан биргаликда Жон Леженд «Сельма» фильми учун Glory трекини ёзган ва у энг яхши оригинал қўшиқ номинациясида «Олтин глобус» ҳамда «Оскар» мукофотига сазовор бўлган.

У шунингдек, Kanye West, Jay-Z, The Black Eyed Peas, Andre 3000, Ariana Grande, Janet Jackson, The Roots ва бошқа кўплаб ижодкорлар билан ҳамкорлик қилган.

Жон Леженд олтита «Оскар» мукофоти билан тақдирланган «Ла-Ла Ленд» (2016) фильмида мусиқачи ва жаз-клуб эгаси Кит ролини ҳам ижро этган.