Жиззахда пиёда қизни машина уриб юборди, у шифохонада вафот этди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳрида автомобилнинг пиёдани уриб юборгани акс этган видео тарқалди. Видеода икки қиз тартибга солинмаган ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётгани, биринчи ва иккинчи бўлаклардан ўтгач, сўнгги бўлакда қизлардан бирини юқори тезликда келаётган автомобиль уриб юборгани кўринади.

Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди. 2025 йил 7 декабрь куни содир бўлган ЙТҲ натижасида вояга етмаган қиз оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган, бироқ 20 декабрь куни вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи қўлга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.