Жиззах вилоятида АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамалари йил охирига режалаштирилган

Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамалари 2025 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига режалаштирилган. Бу ҳақда 6 октябрь куни АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Қалмуратов Жиззах вилояти Фориш туманидаги қурилиш майдончасига уюштирилган пресс-тур чоғида маълум қилди.

Муҳокамалар регламенти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади. Уларда Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамалари савол-жавоб тарзида ўтади ва якунда овоз бериш бўлиб ўтади. Журналистлар ва хорижий мамлакатлар вакилларини ҳам қўшиб, барча хоҳловчилар иштирок этишга таклиф этилади.

Жамоатчилик муҳокамалари натижалари бўйича «Росатом» билан АЭС қуриш бўйича шартномани бекор қилиш мумкинми, деган саволга жавоб берар экан, Абдужамил Қалмуратов фақатгина ҳужжатга ўзгартириш киритиш мумкинлигини истисно қилмади.

«Гап шартномани бекор қилиш ҳақида кетмаяпти. Жамоатчилик муҳокамаларида лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири муҳокама қилинади. Шартномага ёки лойиҳанинг ўзига ўзгартиришлар киритиш — ҳа, нега бўлмасин», — деди.

АЭСни жойлаштириш майдончаси 2018 йилдан бери экологик нуқтаи назардан ўрганилмоқда. Нашр ёзишича, лойиҳа флора ва фауна, ер ости сувлари ва атмосфера ҳавосининг ҳолати бўйича хулосалар олган. Метеорологик ва сейсмик маълумотлар таҳлил қилинган.

«Ўзатом» ҳам атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун лойиҳа институтларини жалб қилган.

Абдужамил Қалмуратов, шунингдек, АЭС жойлаштириладиган майдончада кичик станция учун котлован қазишга тайёргарлик кетаётганини айтди. Ишлар 2025 йил 9-10 октябрда бошланади. У баъзи ишлар жадвалдан икки, уч ва ҳатто беш ой олдин бажарилаётганини қўшимча қилди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Enter Engineering компанияси Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилиши бўйича субпудратчи этиб тайинланган. Абдужамил Қалмуратов қарор танлов асосида қабул қилинганини, ишлар республика бюджетидан молиялаштирилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ишчиларга иш ҳақини тўлашда муаммолар бўлмайди.

Ўзбекистон Атом энергетикаси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Аҳмедхўжаев сентябрь ойи охирида жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш режалари ҳақида гапирган эди. У, шунингдек, Жиззах вилояти аҳолиси атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлаётганини ва ишлар бошланишини кутаётганини қайд этганди.