
Uzbekistan Airways компанияси маълум қилишича, «Ҳаж 2025» дастурининг бошланиши муносабати билан 14 апрелдан бошлаб умра визасига эга йўловчилар Тошкент — Жидда йўналишидаги парвозларга қабул қилинмайди.
14 апрелдан бошлаб Саудия Арабистонига Uzbekistan Airways рейслари орқали йўл оладиган барча йўловчиларда Тошкентга Uzbekistan Airways рейслари билан қайтиш чиптаси бўлиши ва Саудия Арабистони ҳудудини 30 апрелга қадар тарк этишлари керак.
Саудия Арабистонининг Фуқаро авиацияси бўйича Бош бошқармаси қарорига мувофиқ, 30 апрелдан бошлаб Тошкент — Жидда — Тошкент йўналишидаги мунтазам рейслар бекор қилинади.
Авиакомпания матбуот хизмати аниқлик киритишича, йўловчилар томонидан умра ибодатини адо этиш мақсадида фойдаланиладиган мунтазам парвозлар ҳаж даврида бекор қилиниб, «Ҳаж» дастури бўйича чартер рейслари орқали олиб келиш ва олиб кетиш амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, бу йил июнь бошларига тўғри келадиган ҳаж мавсуми доирасида олиб келувчи рейслар 29 апрелдан 31 майгача, олиб кетувчи рейслар эса 10 июндан 10 июлгача амалга оширилиши мумкин.
Ҳаж даври якунлангандан сўнг Жиддага мунтазам авиапарвозлар қайта тикланади.
Умра ибодати учун мунтазам рейсларга чипта сотиб олган барча шахсларга Uzbekistan Airways тўлиқ қайтаришни амалга оширади.