Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026 даги ўйинлари жойи ва вақти

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги учта ўйинни икки давлат — Мексика ва АҚШ — ҳамда 3 та шаҳарда ўтказади. Бу Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан эълон қилинган турнир календаридан маълум бўлди.

Миллий жамоа «К» гуруҳидаги биринчи ўйинни 2026 йил 18 июнь куни Мехикода Колумбияга қарши Тошкент вақти билан соат 8:00 да бошлайди.

Иккинчи ўйин 23 июнь куни Хьюстонда Португалия терма жамоасига қарши соат 23:00 да бўлиб ўтади.

Фабио Каннаваро шогирдлари гуруҳ босқичини 28 июнь куни Атлантада Янги Каледония, Ямайка ва Конго Демократик Республикаси ўртасидаги қитъалараро плей-офф натижаларига кўра аниқланадиган жамоага қарши соат 5:30 даги ўйин билан якунлайди.

Ҳозирги вақтгача 42 та терма жамоа чемпионатда иштирок этишни кафолатлади. Яна 6 та жамоа 2026 йил март ойи охирида бўлиб ўтадиган плей-офф ўйинларида аниқланади. Улар автоматик равишда тўртинчи саватга тушади.

2026 йилги жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади ва 39 кун давом этади. Плей-офф формати ҳам ўзгартирилган: 1/16 финалга нафақат ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита жамоа, балки учинчи ўринни эгаллаган саккизта жамоа ҳам чиқади. Шундай қилиб, плей-офф босқичига 32 та жамоа йўл олади.