
Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/16 финалида Хорватияни мағлуб этди. 2025 йил 15 ноябрь куни бўлиб ўтган ўйин асосий вақтда 1:1, пенальтилар сериясида эса 4:3 ҳисобида якунланди.
24-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни очди – Садриддин Ҳасанов ўнг қанотдан узатилган тўпни боши билан аниқ йўллади.
Учрашувнинг катта қисмида ўзбекистонликлар фаолроқ ҳаракат қилишди.
Жамоа ҳимояда уюшқоқлик билан ҳаракат қилди, бироқ 80-дақиқада жарима майдончасида хатога йўл қўйди ва Тино Кусанович бу вазиятдан фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.
Бош мураббий Исмоил Исмоилов эҳтимолий пенальтилар сериясини кутиб, 88-дақиқада дарвозабонни алмаштиришга қарор қилди: Иброҳим Шокиров ўрнига Неъматулло Рустамжонов майдонга тушди.
Хорватия терма жамоаси охирида ғалабани илиб кетиш учун бир нечта имкониятга эга бўлди, аммо улардан фойдалана олмади.
Пенальтилар сериясида ўзбекистонликлар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди, дарвозабон Рустамжонов битта сейв амалга оширди.
Ўзбекистон 1/8 финалга чиқди ва 18 ноябрь куни Италия билан ўйнайди. Рақиб бундан аввал Қатар (1:0), Боливия (4:0), ЖАР (3:1) ва Чехияни (2:0) мағлуб этган.

