Ўзбекистон Италияга ютқазиб, U-17 футбол бўйича ЖЧни тарк этди (видео)

Қатарда бўлиб ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Италиядан мағлубиятга учради. 2025 йил18 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашув 2:3 ҳисобида якунланди.

Ўзбекистон бу босқичгача Парагвай (2:1) ва Панамани (6:1) мағлуб этган, аммо Ирландияга ютқазган (1:2) эди. Рақиб эса аввалроқ Қатар (1:0), Боливия (4:0), ЖАР (3:1) ва Чехияни (2:0) мағлуб этган.

20-дақиқада Италия ҳисобни очди: дарвозабон Иброҳим Шокиров биринчи зарбани қайтаришга муваффақ бўлди, аммо Томас Кампаньелло қайтган тўпга биринчи бўлиб эга чиқди ва уни дарвозага жойлади.

Иккинчи бўлимда Ўзбекистон босимни кучайтирди ва 56-дақиқада бурчак тўпидан сўнг ҳисобни тенглаштирди — Амирхон Муродов тўпни эгаллаб, чап бурчакка аниқ зарба берди.

68-дақиқада италияликлар яна бурчак тўпидан кейин олдинга чиқиб олишди: Томас Кампаньелло узатмани боши билан зарба бериб, дублни расмийлаштирди.

Орадан икки дақиқа ўтиб, 70-дақиқада Италия учинчи голни урди: чап қанотдан узатилган пастдан сўнг Ўзбекистон ҳимоячиси йиқилиб тушди, тўп олдинга ўтди ва Идрисса Дауда Амиере уни дарвозага йўллади.

89-дақиқада захирадан майдонга тушган Асилбек Алиев қизил карточка олди.

Бир киши кам бўлиб ўйнашига қарамай, Ўзбекистон фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди: 90+4-дақиқада Азизбек Эримбетов жарима майдончаси ташқарисидан аниқ зарба бериб, голли ҳужумни якунлади.

Шу тариқа, бош мураббий Исломбек Исмоилов шогирдлари жаҳон чемпионатидаги иштирокларини якунладилар.