Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 05/04/2026

Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирининг биринчи даврасини яккапешво сифатида якунлади

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 2026 йил 5 апрель куни Кипрда бўлиб ўтган Номзодлар турнирининг еттинчи турида нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гири билан дуранг ўйнади.

Оқ доналарда ҳаракат қилган Синдаров партия давомида кичик устунликка эришишга муваффақ бўлди, бироқ рақиб аниқ ҳимояланди ва позицияни тенглаштириш учун имконият топа олди. Натижада учрашув тинчлик билан якунланди.

Етти тур якунларига кўра, ўзбекистонлик гроссмейстер имкониятдаги 7 очкодан 6 очко жамғарди (5 ғалаба ва 2 дуранг) ва турнирнинг биринчи даврасини яккапешво мақомида тугатди. Ҳозирги вақтда бу Номзодлар турнирларининг замонавий тарихидаги энг яхши старт ҳисобланади.

Шу билан бирга, Синдаровнинг натижаси аввалги турнирлар статистикаси фонида алоҳида эътиборга лойиқ: Номзодлар турнирининг аксарият бўлажак ғолиблари бутун турнир давомида жами 5 тага яқин ғалаба қайд этишган. Масалан, Магнус Карлсен (2013), Фабиано Каруана (2018), Ян Непомнящий (2021, 2022) ва Гукеш Доммаражу (2024) бутун турнир давомида 5 тадан партияда ғалаба қозонишган бўлса, Сергей Карякин (2016) — 4 та, Вишванатан Ананд (2014) эса 3 та ғалаба билан ғолиб бўлган. Жавоҳир Синдаров эса дастлабки 6 та партиянинг ўзидаёқ 5 та ғалабага эришди.

Жадвалда энг яқин таъқибчи Фабиано Каруана (4,5 очко) бўлиб қолмоқда. Кейинги ўринларни Аниш Гири ва Праггнанандҳа Рамешбабу (3,5 очкодан) эгаллаб турибди.

Еттинчи турда ягона ғалабани хитойлик гроссмейстер Вэй И қўлга киритди, у Андрей Есипенкони мағлуб этди. Қолган барча партиялар дуранг билан тугади.

Еттинчи тур биринчи давранинг якуний босқичи бўлди. Энди иштирокчилар яна бир даврада — ўша рақиблар билан, фақат доналар ранги алмашган ҳолда ўйнайдилар. Биринчи даврада Синдаров оқ доналарда ўйнаган рақиблар энди унга қарши оқларда, Жавоҳир эса қораларда баҳс олиб боради ва аксинча.

Саккизинчи тур душанба кунги дам олишдан сўнг, 7 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Синдаров қора доналарда Андрей Есипенкога қарши ўйнайди.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда бўлиб ўтмоқда. Унда сайёрамизнинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери, жумладан, Хикару Накамура, Фабиано Каруана ва ўзбекистонлик дебютант Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) 700 минг евро миқдоридаги соврин жамғармаси ҳамда шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш билан баҳслашиш ҳуқуқи учун курашмоқдалар.