«Барибир фош бўларди» — ИИВ раҳбари ўринбосари Фарғона вилояти ЙҲХБ собиқ бошлиғининг рафиқасига солинган жарималар бекор қилиниши можароси ҳақида

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев 2025 йил 19 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фарғона вилояти ЙҲХБ собиқ бошлиғи Акмал Аҳмедовнинг турмуш ўртоғига тегишли Malibu автомобилига ЙҲҚ бузгани учун ёзилган 100 дан ортиқ жариманинг бекор қилиниши билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғими, вазир ўринбосарими — унда [жарималарни бекор қилишга] ваколат йўқ. Унда бундай техник имконият ҳам йўқ. Аҳмедов нотўғри иш қилган, у ўз қўл остидагиларни ҳам ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишга ундаб, [жарималарнинг] бекор қилинишига эришган. Бу вазият барибир эртами-кечми фош бўларди. Сизга маълумки, барча жарималар ундирилди. Қолаверса, у лавозимидан озод этилди ва барчасига ҳуқуқий баҳо берилди. Чоралар нафақат Аҳмедовга, балки вазиятга алоқадор барча ходимларга нисбатан ҳам кўрилди», — деди Бекмурод Абдуллаев.

«Биз ҳам ўзимизга хулоса чиқардик. Тизимнинг ҳар бир ходими, зарурат туғилса, барча раҳбарлар — уларга тегишли шахсий [транспорт] воситаси бўладими ёки бошқа нарсами — текширилади. Ва [агар жарима аниқланса], уларнинг кимлигидан қатъи назар, жазонинг доимий муқаррарлиги таъминланади», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Нима содир бўлганди?

2025 йил июль ойи бошида ижтимоий тармоқларда Malibu (давлат рақами 40 081 SBA) ҳайдовчисига нисбатан сўнгги бир неча йил ичида 106 та жарима асоссиз равишда бекор қилингани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Қарор «ўта зарурат» билан асосланган.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати У. А. исмли фуқаронинг аризасига асосан хизмат текшируви ўтказилганини маълум қилди. Унинг натижаларига кўра, бошқарманинг 5 нафар ходимига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Автомобиль ҳайдовчисига ёзилган барча жарималар «қонун талабларига мувофиқ» ундирилди.

Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот котиби Элбек Қобилов берган маълумотига кўра, 2024-2025 йилларда ушбу машинада содир этилган 61 та қоидабузарлик учун жарималар бекор қилинган.

«Хизмат текшируви натижасида барча жарималар ундирилди. Жарималарнинг умумий суммаси ҳақида маълумот йўқ», — деди Қобилов. Унинг қўшимча қилишича, қоидабузарликларнинг хусусияти таҳлил қилинмаган, шу боисдан уларнинг тури номаълум.

Интизомий жавобгарликка тортилган 5 нафар ходим орасида вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов ҳам бор эди.

Акмал Аҳмедов, Фарғона вилояти ИИБ собиқ бошлиғи (ўнг томонда) / Фото: Фарғона вилояти ИИБ

2025 йил 6 июль куни 100 дан ортиқ жариманинг бекор қилингани маълум бўлгач, Аҳмедов лавозимидан озод қилинди.

«Тизимни товламачилик ва порахўрлик каби иллатлардан тозалаш ишлари олиб борилаётган бир пайтда, бошқарма бошлиғининг ўзига яқин қариндошига тегишли Malibu автомашинасида содир этилган ҳуқуқбузарликларни ноқонуний равишда яширишга уринишлари аниқланди», — деди ўшанда мамлакат ИИВ ЙҲХББ матбуот котиби Зойир Йўлдошев.

Унинг хабар беришича, вилоят ЙҲХБ бошлиғининг хатти-ҳаракатларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериш учун қўшимча текширув ўтказилмоқда.