Жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқишга рухсатномани электрон тарзда олиш мумкин бўлади

Ўзбекистонда 2025 йил июль ойи охирига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқишга рухсатнома олиш бўйича онлайн хизматни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатга берилган изоҳда айтилишича, рухсатнома олишнинг анъанавий усуллари — оғзаки ва ёзма шакллари ортиқча бюрократия билан боғлиқ бўлиб, фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирган.

Онлайн хизматнинг 2025 йил июль ойида ишга туширилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш тўғрисидаги 2025 йил апрель ойидаги қарорида режалаштирилган эди.

Ушбу хизмат бепул бўлади. Рухсатномани ЯИДХП ёки унинг мобил иловаси, Давлат хизматлари марказлари орқали, шунингдек Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали расмийлаштириш мумкин бўлади. Шу билан бирга, рухсатнома олиш учун мурожаат қилишнинг анъанавий турлари ҳам сақланиб қолади.

Электрон рухсатнома QR-кодга эга ҳужжат бўлиб, у фойдаланувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетида ёки мобил иловада шакллантирилади.

ЙҲХББ аризадаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини 1 иш куни ичида текшириши ва агар камчиликлар мавжуд бўлса, ҳайдовчига уларни кўрсатиши лозим. Камчиликлар мавжуд бўлганда, уларни бартараф этиш учун уч кун муддат берилади. Рухсатномани шакллантириш учун ҳам бир иш куни ажратилади.

Агар автомобиль йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлиги, шунингдек бошқа бир қатор ҳолатлар учун жарима майдончасига жойлаштирилган бўлса, онлайн хизматдан фойдаланиш мумкин бўлмайди.