
Сеул марказий туман суди Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними Ким Кон Хини «Бирлашиш черкови» диний ташкилотидан ишбилармонлик хизматлари эвазига қимматбаҳо совғалар олганлик учун 20 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда Yonhap. Шунингдек, унинг зиммасига 12,8 млн вон (9000 доллар) миқдоридаги маблағни қайтариш мажбурияти юкланди.
53 ёшли Ким Кон Хи 2022 йил июль ойида «Бирлашиш черкови» мулозимидан Chanel сумкаси ва Graff бриллиант маржонини олганликда айбдор деб топилди. Мазкур мулозим эвазига ундан бизнес имтиёзларини қўлга киритишни кўзлаган. Шу билан бирга, суд 2022 йил апрель ойида худди шу мулозим томонидан Кимга совға қилинган бошқа бир Chanel сумкасини пора сифатида тан олмади.
«Судланувчи манфаат кўриш учун ўз мавқеини суиистеъмол қилган, — дейилади суд қарорида. — У «Бирлашиш черкови»нинг илтимослари билан боғлиқ ҳолда тақдим этилган қимматбаҳо ҳашаматли буюмлардан воз кеча олмаган ва ўз қиёфасини безашга эътибор қаратган».
Собиқ биринчи хоним, шунингдек, Жанубий Кореядаги BMW автомобиллари дилери — Deutsch Motors акциялари нархини манипуляция қилишда ҳамда сиёсий жамғармалар тўғрисидаги қонунни бузишда айбланган эди. Бироқ суд бу айбловлар бўйича уни оқлади. Ким Кон Хи барча айбловларни инкор этди.
Прокурорлар унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини талаб қилишган эди ва ҳукм устидан апелляция бериш ниятидалар.
Ким Кон Хининг турмуш ўртоғи, собиқ президент Юн Сок Ёль аввалроқ ҳибсга олишга тўсқинлик қилиш айби билан 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бу собиқ давлат раҳбарига нисбатан 2024 йил декабрь ойида ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича чиқарилган илк ҳукмдир.
Исён иши бўйича прокуратура унга ўлим жазосини сўраган. Суд қарори 19 февраль куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Ким Кон Хи ва Юн Сок Ёль Жанубий Корея тарихида жиноий жавобгарликка тортилган биринчи собиқ президентлик жуфтлигига айланди, деб қайд этади Yonhap.