Жанубий Корея Конституциявий суди Президент Юн Сок Ёлни лавозимдан четлатди

Юн Сок Ёл Жанубий Корея президенти

Жанубий Корея Конституциявий суди президент Юн Сок Ёлга нисбатан импичментни тасдиқлади ва уни лавозимдан расман четлатди, деб хабар берди Yonhap. 8 нафар судьядан иборат ҳайъат бир овоздан қарор қабул қилди.

Ҳукм тўғридан-тўғри эфирда эълон қилинди ва дарҳол кучга кирди. Энди мамлакатда 60 кун ичида янги президент сайлови бўлиб ўтиши керак.

2024 йил декабрь бошида Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниб, муваффақиятсизликка учради. Шундан сўнг парламент уни исён ҳаракатида айблаб, импичмент эълон қилди. Юн бу қарорини мухолифат ҳаракатлари туфайли конституциявий тартибни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади.

Конституциявий суд унинг тушунтиришини асосли деб топмади.

«Қўшин ва полицияни сафарбар этиш орқали инсоннинг асосий ҳуқуқларини бузиб, конституциявий институт мақомини ҳурмат қилмасдан, у Конституцияни ҳимоя қилиш мажбуриятини инкор этди», — деди суд раиси вазифасини бажарувчи Мун Хён Бэ.

«Конституция ва қонунларни бузган ҳолда жавобгар томонидан содир этилган ҳаракатлар халқ ишончини хиёнат қилган ҳолда бузди. Бу — қонунни қаттиқ бузишдир ва ҳеч қандай оқланмайди», — дея қўшимча қилди у.

Юн суд мажлисида иштирок этмади. Ҳукм эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, у ўз ҳимоячилари орқали халқдан узр сўради.

«Умидларингизни оқлай олмаганимдан чуқур афсусдаман. Мамлакатимизга хизмат қилиш — ҳаётимдаги энг катта шараф эди», — дейилади баёнотда.

Ҳокимиятдаги «Халқ қудрати» партияси суд қарорини «қабул қилишини» айтди. Мухолифатдаги Демократик партия эса буни «халқ ғалабаси» деб атади.

New York Times ёзишича, ҳукм эълон қилинганидан аввал Юн тарафдорлари ва қарши бўлганлар Сеул кўчаларига чиқди. Ўнлаб одамлар суд биноси олдида тунни ўтказиш учун ўзига жой тайёрлашди. Импичментни қўллаб-қувватловчилар суд қарорини шодлик ва қарсаклар билан қарши олди.

Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали исён уюштирганликда айбланиб, жиноий иш юзасидан ҳам тергов қилинмоқда. Бу жиноят Жанубий Кореяда умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси билан жазоланади. Бироқ мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери ўлим жазоси ижро этилмаётгани таъкидланди.

Юн 2025 йил январь ўрталарида қўлга олинган ва март бошигача ҳибсда сақланган. Кейинроқ Сеул суди прокуратура томонидан процессуал қонунбузарликлар содир этилганини қайд этиб, уни озод қилган.