
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича йиғилишда жамоат транспорти мавзусига тўхталиб ўтди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари мамлакатда жамоат транспорти тизими ҳали аҳолини қониқтириш даражасида йўлга қўйилмаганини қайд этди.
Шаҳарлараро автобуслар, деди у, одатда жадвалга риоя қилмайди, балки фақат 40-50 йўловчи йиғилгандан сўнг жўнайди. Бу шаҳарлараро ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун зарарни қоплаш механизми назарда тутилмагани билан боғлиқ. Субсидиялар фақат шаҳар атрофи йўналишлари учун берилади.
Президент эндиликда ўрта ва узоқ масофаларга хизмат кўрсатувчи жамоат транспортини ривожлантиришнинг янги тизими жорий этилишини маълум қилди.
Бунинг учун Тошкент ва шаҳарлараро йўналишларга алоҳида ёндашув қўлланилади.
Ҳар куни Тошкентга қарийб 1 миллион киши келади, улардан 275 минг Тошкент вилоятидан. Шу муносабат билан пойтахт жамоат транспорти тизими вилоятнинг барча туташ ҳудудларини қамраб олувчи ягона агломерация форматига ўтади, деди президент.
Бунинг учун Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача етиб борадиган 20 та автобус йўналиши 15-20 км узайтирилади, шунингдек, яна 6 та янги йўналиш қўшилади. Бу Тошкент вилояти аҳолиси учун қулайликлар яратиши кутилмоқда.
«Йўналишлар узайтирилганда кутиш вақти ошади, деб хавотирланиш керак эмас. Сентябргача пойтахтга 200 та янги автобус, келаси йилда эса яна 1000 та автобус олиб келамиз», — деди президент.
Янги тизимни 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент ва Тошкент вилоятида, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса бошқа йирик шаҳарларда жорий этиш топширилди.
Йиғилишда шаҳарлараро ва вилоятлараро автобус йўналишларини жонлантириш зарурлиги ҳам таъкидланди. Бу йўналишда автобус ва микроавтобуслар учун бир йўловчига субсидия жорий этилади.
Автобуслар учун утилизация йиғими бўйича имтиёз яна уч йилга узайтирилади ва микроавтобусларга ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, илгари сайёҳлик автобуслари учун назарда тутилган божхона божидан озод қилиш 3 йил давомида жамоат транспорти учун ҳам амал қилади.
Тадбиркорлар бунда икки шартга риоя қилишлари керак: ҳаракат жадвалига қатъий амал қилиш ва даромадларни шаффоф акс эттирувчи электрон тўлов тизимига уланиш.
Президент, шунингдек, мамлакатда хавфсиз ва қулай жамоат транспортини яратиш бўйича лойиҳалар бошланганини қайд этди.
Хусусан, Тошкентда Хитойдан 300 миллион доллар инвестиция жалб қилиниб, 200 км йўл ва 4 та кўприкни таъмирлаш режалаштирилган.
Пойтахтда тирбандликларни камайтириш учун интеллектуал транспорт тизими ишга туширилади. Унга шаҳардаги 700 дан ортиқ чорраҳа, шунингдек, барча светофорлар ва фото-видеокузатув камералари уланади. Светофорларни транспорт оқимига қараб масофадан бошқариш тирбандликларни 25-30% га қисқартириши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, Тошкентдаги йўллар ҳолатини шахсан текширгани ва тирбандликка тушиб қолганини ҳам айтди: «Ўтган шанба, якшанба кунлари ўзим рулда юрдим. Рулда ким эканини ҳеч ким билмайди. Лекин мен ҳам тирбандликда турдим — 15-20 дақиқа турдим, бунда нормал турдим».
Шаҳарлараро алоқа
Йиғилишда республика ва халқаро трассаларда 1200 дан ортиқ қайрилиш участкалари мавжудлиги, аммо уларнинг фақат 146 тасида ер ости ёки ер усти эстакада типидаги қайрилишлар жиҳозлангани ҳам қайд этилди. Бундан ташқари, 10 мингдан ортиқ пиёдалар ўтиш жойларидан фақат 154 таси ер ости ёки ер усти ўтиш жойлари шаклида жиҳозланган.
Шу муносабат билан 2025 йил 1 октябрга қадар Тошкент — Самарқанд — Термиз, Тошкент — Фарғона водийси ва Самарқанд — Бухоро халқаро трассалари хавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан текширув ўтказилади.
Йил охиригача техник-иқтисодий асослаш ишлаб чиқилади, унда қанча ер ости ва ер усти эстакада типидаги қайрилишлар ва пиёдалар ўтиш жойлари, замонавий ёруғлик қайтарувчи йўл белгилари ва чизиқларини ўрнатиш зарурлиги кўрсатилади.
Келгуси йил режасида ушбу мақсадларни амалга ошириш учун халқаро молия ташкилотлари маблағларидан 200 миллион доллар жалб қилиш кўзда тутилган.