
Бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларининг ғолиблари ва совриндорлари, шунингдек, уларнинг мураббийларига BYD русумли автомобиллар ва пул мукофотлари совға қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати.
Олтин медалларни қўлга киритган спортчилар 15 минг доллардан ва «Президент совғаси» ёзувли BYD Song Plus EV Champion автомобилларини, кумуш совриндорлари 7500 доллардан ва BYD Chazor автомобилларини, бронза совриндорлари эса 3750 доллардан ва BYD Chazor автомобилларини олдилар. Уларнинг мураббийлари тегишли сумманинг ярми миқдорида бир марталик тўловларни қабул қилиб олишди.
МОҚнинг қайд этишича, «Президент совғалари» жаҳон чемпионатларида кўрсатилган юқори натижалар учун топширилди.
Тақдирланганлар орасида Руслан Нурудинов, Артур Гулиев, Абдумалик Халоқов, Асадхўжа Муйдинхўжаев ва бошқалар бор.
Эслатиб ўтамиз, оғир атлетикачи Руслан Нурудинов Баҳрайндаги жаҳон чемпионатида ўз жаҳон рекордини янгилаб, уч карра жаҳон чемпиони бўлган эди.
Артур Гулиев Миланда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси Ливерпулдаги (Англия) бокс бўйича жаҳон чемпионатини 11 та мукофот: 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан якунлади.
Олтин медаллар:
- 60 кг — Абдумалик Халоқов
- 65 кг — Асадхўжа Муйдинхўжаев
- 75 кг — Фазлиддин Эркинбоев
- 80 кг — Жавоҳир Умматалиев
- 85 кг — Акмалжон Исроилов
- 90 кг — Тўрабек Ҳабибуллаев
Кумуш медаллар:
- 65 кг — Навбаҳор Ҳамидова
- 90 кг дан юқори — Жаҳонгир Зокиров
Бронза медаллар:
- 48 кг — Сабина Бобоқулова
- 51 кг — Феруза Казакова
- 70 кг — Азиза Зокирова
Тақдирлаш маросимида Президентнинг спорт масалалари бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, шунингдек, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил август ойида Олимпиада ўйинлари ғолиблари ва совриндорлари 50 мингдан 200 минг долларгача пул мукофотлари, Tahoe ва BYD Song Plus автомобиллари, шунингдек, икки қаватли коттеджлар ва квартиралар билан тақдирланган эди.
Тақдирлашдан бир ой ўтгач, бокс бўйича Олимпиада чемпиони Асадхўжа Муйдинхўжаев Тошкент марказидаги кичик кўчада «Президент совғаси» ёзувли Tahoe автомобилида тезликни 110 км/соатгача ошириб, видеони Instagramда эълон қилган эди. У 3 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.