
Жаҳон банки Ўзбекистондаги таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитлар кўринишидаги молиявий пакетини маъқуллади, дея хабар берди ЖБ матбуот хизмати.
“Бу ислоҳотлар камбағалликни янада қисқартириш, иш ўринлари яратиш, хусусий секторни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётининг стратегик муҳим тармоқларида рақобатни оширишга қаратилган”, — дейилади банк пресс-релизида.
Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаши ҳукуматга турли стратегик муҳим соҳаларда, жумладан, қуйидаги йўналишларда кечиктириб бўлмайдиган давлат сиёсати чораларини амалга оширишга ёрдам беради:
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш
Кам таъминланган оилаларга электр энергияси, иссиқлик ва газ тарифларининг ошишини қоплаш учун йиллик моддий ёрдамни бир оила учун 270 минг сўмдан 1 миллион сўмгача ошириш орқали тўловларни кўпайтириш.
Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини ошириш
Аёлларни иш жойида жинсий зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база ва механизмларни ривожлантириш.
Ҳомиладорлик ёки фарзандлари борлиги сабабли иш берувчиларга аёлларни ишга қабул қилишни рад этишни, иш ҳақини камайтиришни ёки уларни ишдан бўшатишни тақиқлаш.
Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш
Аккредитациядан ўтган хусусий ва нодавлат ташкилот-етказиб берувчилар орқали аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бозорини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.
Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш
Давлат корхоналарини самаралироқ бошқариш ва хусусийлаштириш учун Ўзбекистон Миллий инвестиция фондини ташкил этиш.
Кенг полосали интернет ва мобил алоқа бозорларида давлат компанияларининг ҳукмронлигини чеклаш, шунингдек, телекоммуникация соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида мустақил телекоммуникация регуляторини шакллантириш.
Қишлоқ хўжалиги
Маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини қишлоқ хўжалиги хатарларидан суғурталаш тизимини жорий этиш.
Пахта секторидаги ислоҳотларни давом эттириш, шу жумладан пахта харид нархларини белгилашнинг янада мослашувчан механизмини жорий этиш ва тўқимачилик корхоналарига бу хомашёни тўғридан-тўғри ҳар қандай фермер хўжалигидан сотиб олиш имкониятини бериш.
Ташқи савдони либераллаштириш
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ва айрим турдаги товарларни экспорт қилишга рухсатномаларни бекор қилиш, шу жумладан экспорт жараёнларини соддалаштириш орқали халқаро савдони кенгайтириш.
Энергетика, нефть-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда рақобатни чеклайдиган айрим компанияларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш.
Энергетика сектори
Электр энергиясини тақсимлаш бозорини хусусий инвесторлар иштироки учун очиш ва қайта тикланувчи энергиянинг мустақил ишлаб чиқарувчиларига истеъмолчиларга электр энергиясини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқини бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш. Бу қадамлар қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва электр тармоқларини ривожлантиришга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
Энергия самарадорлигини ошириш
Энергия сиғими юқори бўлган тармоқларда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш учун қўшимча рағбатларни жорий этиш. Бундай чоралар қаторига энергия тежовчи лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган Энергия самарадорлиги бўйича Миллий агентликни ташкил этиш, шунингдек, қуёш энергетикасини ривожлантириш, иссиқлик насосларини жорий этиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун молиявий рағбатларни тақдим этиш киради.
“Яшил” давлат харидлари
Бюджет маблағларидан фойдаланилганда экологик тоза товарлар ва хизматларни сотиб олишга устуворлик бериш учун давлат харидлари тизимига экологик мезонларни жорий этиш.
Маблағлар мамлакат ҳукуматига паст фоиз ставкаси билан узоқ муддатли тўлов шартлари асосида тақдим этилади.
“Бундай кредит шартлари халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган шартлардан анча фойдали. Бунинг ёрдамида Ўзбекистон қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириши ва тежалган бюджет маблағларини устувор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилишга йўналтириши мумкин”, — дейилади хабарда.