
Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши 2026 йил 23 март куни Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган 200 млн долларлик лойиҳани маъқуллади. Лойиҳа, шунингдек, мамлакат транспорт соҳасидаги комплекс ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматга кўмак беради, дейилади Жаҳон банки хабарида.
Беш йиллик лойиҳа қуйидаги компонентларни ўз ичига олади:
- Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги «Автойўлинвест» агентлигига М41 минтақавий автомагистралининг 91 километрлик қисмини реконструкция қилишда кўмак бериш. Ушбу йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан боғлайди. Мавжуд икки тасмали йўл тўрт тасмагача кенгайтирилади.
Йўлнинг реконструкция қилиниши якунлангач, ундан ҳар куни 35 мингга яқин ҳайдовчи ва йўловчи фойдаланади. Автомагистраль, шунингдек, атрофдаги ҳудудларда яшовчи 550 мингга яқин аҳоли учун транспорт хизматлари ва иқтисодий имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш имконини беради. Бундай имкониятлар реконструкция қилинган йўл бўйлаб бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишни ўз ичига олади.
Лойиҳа йўл қопламаси сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва автобус бекатлари қулайлигини таъминлаш бўйича қурилиш ишларини молиялаштиради. Шунингдек, тошқин хавфидан ҳимоя қилувчи 180 га яқин кўприк ва дренаж иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбирлар автомагистралнинг реконструкция қилинаётган қисмида йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатлари сонини камайтиришга, йўл вақтини қисқартиришга (ўртача ҳаракатланиш тезлиги аҳоли пунктларидан ташқарида соатига 65 км дан тахминан 90 км гача ошади) ҳамда йўловчи ва юк ташиш ишончлилигини оширишга ёрдам беради. Улар, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Ўзбекистоннинг қолган қисми ва қўшни давлатлар билан транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлайди.
- Транспорт вазирлигига Мультимодал ташувларни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмак бериш. Ушбу ҳужжат давлат органларининг транспорт хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш учун «йўл харитаси» бўлиб хизмат қилади. Стратегия йўловчи ва юк ташишни яхшилаш учун маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишга, шунингдек, турли транспорт турлари ишининг мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳужжат транспорт соҳасининг етказиб бериш занжиридаги узилишлар ва об-ҳаво хавфларига чидамлилигини ошириш, шунингдек, тармоқда чиқиндиларни камайтириш бўйича тежамкор ечимларни жорий этиш чораларини ўз ичига олади.
- «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг бизнес-жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларни молиялаштириш, жумладан, корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, молиявий шаффофликни ошириш, йўловчи ташишни режалаштиришни яхшилаш ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) соҳасидаги амалиётларни такомиллаштириш. Ушбу чора-тадбирлар компания фаолиятининг операцион самарадорлиги ва натижадорлигини оширади, шунингдек, келгусида ривожланиш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш қобилиятини мустаҳкамлайди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон транспорт соҳаси ЯИМнинг деярли 8 фоизини таъминлайди ва 1 миллионга яқин кишини иш билан банд қилган. Банкнинг қайд этишича, автопаркнинг тез суръатлар билан ўсиши йўл инфратузилмаси ривожланишидан сезиларли даражада олдинда бормоқда. Прогнозларга кўра, мамлакат ҳудуди орқали юк ташиш ҳажмининг кутилаётган ўсишини таъминлаш учун 2030 йилга келиб йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини тахминан 500 фоизга ошириш талаб этилади.
«Самарали ва хавфсиз автомобиль ва темир йўллар тармоғини ривожлантириш аҳолининг иш ўринлари ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш, ички ва халқаро савдони ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин.