АҚШ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан «Джексон-Вэник тузатиши»ни бекор қилиши мумкин. Бу ҳақида АҚШ давлат котиби лавозимига номзод сенатор Марко Рубио маълум қилди.
2025 йил 15 январь куни Капитолий тепалигида ўтказилган Сенат йиғилишида Марко Рубио мазкур масала бўйича ўз фикрларини баён этди. Сенатор Стив Дэйнс, Марказий Осиёдаги мамлакатлар учун мазкур тузатишни бекор қилишнинг аҳамиятини таъкидлади. У, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистонга доимий нормал савдо мақоми беришга чақирди.
Марко Рубио мазкур тузатишни «ўтмиш қолдиғи» деб атади ва унинг Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиш учун қўлланилиши мақсадга мувофиқ эмаслигини айтди.
Қозоғистон ҳақида алоҳида тўхталар экан, Рубио ушбу мамлакат АҚШ Савдо вазирлиги томонидан бозор иқтисодиёти сифатида тан олинганини ва Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) конференциясини қабул қилганини таъкидлади.
Сенатор тузатишни бекор қилиш қонунчилик ўзгаришларини талаб қилишини ва бу борада ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Стив Дэйнс эса Марказий Осиёни стратегик аҳамиятга эга ҳудуд сифатида баҳолаб, ушбу минтақада кўпроқ ҳамкорлар топиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Джексон-Вэник тузатиши 1974 йилда қабул қилинган бўлиб, инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатлар билан савдони чеклашга қаратилган қонун ҳужжати ҳисобланади.