Ҳибсга олинган фуқаролар тергов изоляторига жойлаштиришдан олдин қийноқ излари бор-йўқлиги текширилади

Ўзбекистонда ҳибсга олинган шахслар тергов изоляторига жойлаштиришдан олдин бевосита изоляторнинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу ҳақдаги модда «Жиноят ишини юритишда қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонунга киритилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги.

Президент мазкур қонунни 2025 йил 26 июнь куни имзолади. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 21 январь куни қабул қилинган ва Сенат томонидан 18 март куни маъқулланган эди. Ушбу қонун жиноят ишларини юритишда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган.

Қонуннинг янги моддасига (27−1) кўра, мажбурий тиббий кўрик фуқаро тергов изоляторига олиб келинган вақтдан бошлаб 2 соат ичида ўтказилиши керак.

Кўрик ҳибсга олинган шахс билан бир жинсдаги шахс томонидан ўтказилиши лозим. Унинг розилиги билан кўрикда адвокат иштирок этиши мумкин.

Кўрик якунлари бўйича белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилади. Ҳибсга олинган шахсда тан жароҳатлари, шикастланишлар ёки яралар аниқланганда, улар қайд этилиши шарт, бу ҳақдаги маълумот ҳибсга олинган шахснинг ўзига етказилади ва дарҳол прокурорга юборилади.

Маҳбусларни бошқа жойга ўтказишда ёки процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов изоляторидан олиб чиқишда, улар изоляторга қайтгач, яна тиббий кўрикдан ўтишлари керак.

Ўзгартириш уч ойдан кейин — 27 сентябрдан кучга киради.