
Ўзбекистонда 2030 йилга бориб IT-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев халққа йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.
«Бу йил IT-хизматлар экспорти илк бор 1 миллиард долларга етди. Бу соҳада ҳам «қилса бўлар экан-ку» деган тушунча пайдо бўлди», — деб таъкидлади давлат раҳбари.
Келаси йилнинг ўзида Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида тўртта дата-марказ, иккита суперкомпьютер ҳамда 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари ишга туширилади.
Бу, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия тизими ва жамоат хавфсизлиги каби соҳаларда сунъий интеллект бўйича 100 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
«Бу йил IT, финтех ва сунъий интеллект соҳаларидаги маҳаллий стартапларга 270 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилдик. Бу рақамни биринчи марта айтяпман. Бу ҳам бизнинг катта ютуғимиз», — деди Президент.
2026 йилдан рақамли стартаплар дастури кенгайтирилади — янги тизим лойиҳаларни ғоядан то экспортга чиққунгача кузатиб бориш имконини беради. Хусусий стартап-марказларни ташкил этиш учун Ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўмгача 5 йил муддатга фоизсиз заёмлар берилади.
Марказий банк ҳузурида Сингапур мутахассисларини жалб қилган ҳолда финтех-офис ва инновацион хаб ташкил этилади. Натижада ҳар йили ташқи бозорга 15−30 та финтех-стартапларни олиб чиқиш ва улар учун жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш имконияти пайдо бўлади, деб қайд этди Президент.
Шавкат Мирзиёев янги молиявий инструментлар — венчур жамғармалари, стартаплар ва финтех ечимлар бозорини ривожлантириш, шунингдек, барча иштирокчилар ҳуқуқларини қонун билан ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади. У парламентни ҳукумат билан биргаликда «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқишга чақирди.
Ёш тадқиқотчиларнинг квант технологиялари, дронлар ва робототехника соҳасидаги лойиҳаларини амалда жорий этиш учун Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади. Осиё тараққиёт банки ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун дастлабки тарзда 200 миллион доллар ажратишга тайёр, деди президент.

