
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ижтимоий тармоқларда Туркияда бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
«Ҳақиқатан ҳам, 2025 йил 29 сентябрь куни Истанбулда маҳаллий полиция 6 кишини, жумладан, блогер Жасминни (Музаффар Раҳимов) ҳибсга олди. 30 сентябрь куни улар Малтепе ёпиқ жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилди», – дейилади Бош консулхона хабарида. Уларнинг нечтаси Ўзбекистон фуқароси эканлигига аниқлик киритилмаган.
Ҳибсга олинганлар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этишда гумонланмоқда. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Бош консулхона хабарига кўра, тинтув давомида олинган ашёвий далиллар экспертизага юборилган, тергов давом этмоқда.

