
Ўзбекистон Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги турар-жой мавзесига берган зарбаларини қоралайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ баёнот берди.
Ҳужум «суверенитетни бузиш, Қатар Давлати чегаралари дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз сифатида» баҳоланмоқда, дейилади баёнотда.
«Бундай ҳаракатлар қабул қилиб бўлмас ҳолат бўлиб, БМТ Низоми, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг асосий норма ва тамойилларига нисбатан жиддий менсимасликни ифодалайди», — дея таъкидланади баёнотда.
«Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай шаклига ва Яқин Шарқдаги шундоқ ҳам мураккаб вазиятни кескинлаштирадиган қадамларга изчил қарши чиқади», — дея қўшимча қилди Ташқи ишлар вазирлиги.
Исроил армияси 2025 йил 9 сентябрь куни эрталаб берилган зарбалар ҲАМАСнинг юқори раҳбариятига қарши қаратилганини билдирди. Қатар эса ҳужумни «барча халқаро қонунлар ва нормаларни қўпол равишда бузиш» ҳамда Қатар аҳолиси хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолади.