Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 05/03/2026

Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларига фавқулодда ҳолат шароитида хавфсизлик чоралари эслатиб ўтилди

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатда 12 мартгача амал қилувчи фавқулодда ҳолат тартиби ва хавфсизлик соҳасидаги жорий вазият муносабати билан у ерда вақтинча бўлиб турган ватандошларга мурожаат йўллади.

Фавқулодда ҳолат тартиби доирасида мамлакатда болалар боғчалари ва мактаблар ишламаяпти, ҳаётий муҳим хизматлардан ташқари аксарият корхона ва ташкилотлар фаолиятига тақиқ қўйилган. Оммавий тадбирлар бекор қилинган.

Дипломатик ваколатхона сирена овози эшитилганда энг яқин бомбапаноҳ ёки ҳимояланган хонага йўл олишни ва маҳаллий хизматлар кўрсатмаларига амал қилишни тавсия этди. Шунингдек, фуқароларга ракеталар тушган жойларни ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишини фото ва видеога олиш тақиқлангани эслатилди.

Ракета парчалари ёки шубҳали буюмлар аниқланганда уларга яқинлашмаслик ва тегишли хизматларга хабар бериш тавсия этилади.

Хорижлик ишчилар Исроил ИИВ ҳузуридаги Аҳоли ва иммиграция бошқармасининг (PIBA) 1-700-707-889 рақамли колл-марказига мурожаат қилишлари мумкин. Фавқулодда хизматлар телефонлари: 100 — полиция, 101 — тез тиббий ёрдам (Маген Давид Адом), 102 — ёнғин-қутқарув хизмати, 104 — Орқа фронт қўмондонлиги.

Мамлакатдан чиқиб кетиш тартиби (Миср орқали)

Элчихона, шунингдек, Миср билан чегарадаги «Таба/Бегин» назорат-ўтказиш пункти орқали мамлакатдан чиқиб кетиш тартибини тушунтириб берди. Шарм-эш-Шайхдан Ўзбекистонга Uzbekistan Airways, Centrum Air, Qanot Sharq ва Air Samarkand авиакомпаниялари рейсларни амалга оширмоқда. Қийинчиликлар юзага келган тақдирда фуқароларга Ўзбекистоннинг Исроил ёки Мисрдаги элчихоналарига мурожаат қилиш тавсия этилди.

Консуллик ёрдами олиш учун фуқаролар Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси билан 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076 телефон рақамлари, шунингдек, +972 54 485 1397 рақамли туну кун ишлайдиган фавқулодда алоқа тармоғи орқали боғланишлари мумкин.

Қўшимча маълумотлар «KONSULLIK XIZMATI» Telegram-канали ва il.uzembassy@mfa.uz электрон почтаси орқали бериб борилади.

Дипломатик ваколатхона фуқаролар хавфсизлиги устувор вазифа эканини таъкидлаб, фақат расмий ахборот манбаларига ишонишга чақирди.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони, БАА ва Қатардан ватандошларни қайтариш учун авиарейслар ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Шу билан бирга, ҳукумат жанубий йўналишдаги хавфларни инобатга олган ҳолда экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқмоқда.

2026 йил 28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Бунга жавобан Эрон Форс кўрфази мамлакатларидаги Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилди.