
Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг 2026 йил 3 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Яқин Шарқдаги кескинлашув бўйича ўз мамлакати позициясини баён қилди.
Хусусан, у нима учун АҚШ билан қўшма операция айнан ҳозир бошланганини тушунтирди, Эроннинг прокси кучлари томонидан келаётган таҳдидларни баҳолади ва можаронинг минтақадаги транспорт йўлакларига таъсири ҳақида фикр билдирди.
«Агар ҳозир ҳаракат қилинмаса, жуда кеч бўлади»
Дипломатнинг таъкидлашича, «ҳар бир кишини қизиқтирган» асосий савол: нима учун Яқин Шарқдаги ушбу воқеалар айнан ҳозир бошланди?
«АҚШ ва Исроил глобал таҳдидни йўқ қилиш бўйича қўшма операция ўтказмоқда. […] Лекин биз ва АҚШ ўртасида битта муҳим фарқ бор: айнан биз Эрон томонидан тўғридан-тўғри ва доимий таҳдид остидамиз. Ўн йиллар давомида Эрон режими давлатимизни йўқ қилиш нияти борлигини очиқ баён қилиб келди», — деди элчи.
Гидеон Лустиг Эроннинг Исроилга қарши тизимли равишда ҳаракат қилган учта асосий йўналишини ажратиб кўрсатди:
Ядро дастури — уранни критик кўрсаткичларгача фаол бойитиш (МАГАТЭ томонидан тасдиқланган);
Баллистик ракеталар — «ҳаво ҳудудимизни жуда кўп миқдордаги ракеталар билан тўлдириб юбориш» учун мўлжалланган етказиб бериш воситаларини ишлаб чиқиш;
Террорчи проксилар — Исроилга зарар етказиш учун Эрон томонидан террорчи ташкилотларни тузиш ва молиялаштириш.
«Қарийб бир йил олдин биз Эроннинг ядровий инфратузилма объектларига зарбалар берган эдик. Ўшанда Эрон режими Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини англаб етади ва музокараларга киришади, деб умид қилгандик. Бироқ умидлар оқланмади: Эрон уранни бойитиш ва ядровий каллакларни ташишга қодир бўлган баллистик ракеталар дастурини ривожлантиришда давом этди», — деди дипломат.
Элчи Исроилнинг ҳаракатлари мамлакатнинг омон қолиши учун зарур бўлган превентив чоралар эканини таъкидлади.
«Гап шундаки, биз уларни айнан ҳозир тўхтатишга мажбур бўлдик. Агар ҳозир қатъий қадамлар ташланмаса, жуда кеч бўлиши аниқ эди. Биз Эроннинг енгиб бўлмайдиган ҳарбий қудратга эга бўлишига йўл қўя олмасдик», — деб баёнот берди у.
Халқаро танқидларга, жумладан, Эронга ҳужум халқаро нормаларга зид экани ҳақидаги фикрларга тўхталар экан, Исроил элчиси шундай деди: «Бизга қарши кўп йиллар давомида „прокси“ форматида олиб борилган уруш бугун фаол фазага ўтди. Ушбу режим ҳақидаги тасаввурда адашманг — у кўп йиллар давомида бизга барча мавжуд усуллар билан ҳужум қилиб келди».
Ўзбекистон учун савдодаги қийинчиликлар
Дипломат вазият Эрон ҳудуди орқали ўтувчи «Шимол-Жануб» транспорт савдо йўналишидан фойдаланувчи Ўзбекистон учун иқтисодий қийинчиликлар туғдиришини тан олди. Бироқ у Тошкентни Теҳрон билан ишлашдаги хавфларни баҳолашга чақирди.
«Эрон ишончли шерик эмас. Эронликлар Ҳурмуз бўғозида кемаларга неча марта ҳужум қилганини ва уларнинг иттифоқчилари бўлган ҳусийлар савдо кемаларини неча бор ўққа тутганини эсланг. Халқаро йўлаклар — энергетика ва савдо йўлларининг хавфсизлиги учун бу йўлларда бундай режим бўлмагани яхшироқ», — деб таъкидлади Гидеон Лустиг.
Келажак учун прогнозлар
Можаро муддатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Исроил элчиси дунё етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трампнинг баҳоларига таяниб, операция бир неча ҳафта ичида якунланиши мумкинлигини тахмин қилди.
«Бу доимий можарога айланмайди. Бу мақсадларимизга эришиш учун амалга оширилаётган нуқтали операция. Ҳозирги тузум остида яшашдан унчалик мамнун бўлмаган Эрон халқига биз 47 йил давомида эркинликни бостириб келган ҳокимиятни ағдариш имкониятини бермоқчимиз. Лекин пировард натижада, режимни ўзгартириш — бу эронликларнинг ўз ички вазифаси», — дея хулоса қилди дипломат.
Эслатиб ўтамиз, Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам яқинда матбуот анжумани ўтказган эди. Элчи Муҳаммад Али Искандарий агрессия давом этар экан, унинг мамлакати АҚШ билан музокаралар олиб бормаслигини маълум қилган. У жавоб зарбалари фақат ҳарбий объектларга йўналтирилганини ва минтақадаги қўшнилар ҳар доим Эроннинг дўстлари бўлиб келганини таъкидлаган. Элчи Эрон ядровий қуролга эга бўлишга интилмаслигини қўшимча қилган.