
Ўзбекистонда ислом банкинги механизмларини жорий этишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди. Ҳужжат президент томонидан 2026 йил 27 март куни имзоланган ва жорий йилнинг 29 июнидан кучга киради.
Қонун халқаро стандартларга мос келадиган ислом молиявий тамойиллари асосида банк хизматларини кўрсатиш учун ҳуқуқий базани шакллантиради.
Қайси операцияларга рухсат берилган
Ҳужжатда ислом молиявий операциялари рўйхати мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга қуйидагилар киритилган:
- мижозларни молиялаштириш ва фойдани тақсимлаш шарти билан инвестиция депозитларига маблағ жалб қилиш (музораба);
- агентлик шартномалари орқали маблағ тақдим этиш ёки жалб қилиш (вакола);
- товарларни бўлиб-бўлиб сотиш орқали мижозни молиялаштириш (муробаҳа);
- товарлар учун олдиндан тўлов қилиш орқали молиялаштириш (салам);
- биргаликдаги фаолият (шериклик) ёки компаниялар капиталида иштирок этиш орқали молиялаштириш (мушорака);
- мулкни сотиб олиш ҳуқуқи билан ислом лизинги (ижара).
Барча бундай операциялар ислом молиявий стандартларига мувофиқ бўлиши керак.
Ислом банкинги тамойиллари асосида ишловчи банклар нафақат қонунда кўзда тутилган воситаларни қўллаши, балки бошқа ислом молиявий операцияларини ҳам амалга ошириши мумкин — бунинг учун улар халқаро амалиётга мос келиши ва Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлмаслиги шарт.
Ислом молияси бўйича кенгаш
Марказий банк ҳузурида 5 кишидан иборат Ислом молияси бўйича кенгаш тузилади. У ислом молиявий стандартларини ишлаб чиқади, маҳсулотлар бўйича хулосалар беради ва банкларга шариат тамойилларига мувофиқлик масалалари бўйича маслаҳатлар беради.
Ислом банкингини фақат Марказий банк лицензиясини олган юридик шахслар амалга ошириши мумкин.
Бунда:
- лицензия муддатсиз берилади;
- уни бошқа шахсларга бериш ёки ўтказиш тақиқланади;
- банклар ислом операцияларини бошқаришнинг алоҳида тизимини, жумладан ички назорат ва аудитни жорий этиши шарт.
Солиқ хусусиятлари
Қонун, шунингдек, ислом молиявий операциялари учун махсус солиқ қоидаларини белгилайди.
Даромадлар таркибига бундай операциялар бўйича мукофотлар, шунингдек, ислом суғуртаси ва қайта суғурталашдан олинган даромадлар киритилади. Бунда Солиқ кодексининг қарзлар тўғрисидаги айрим нормалари бундай операцияларга татбиқ этилмайди.
Тўловлар кечиктирилгани учун жарима ва пенялар ҳисобидан хайрия ишларига йўналтирилган маблағлар фойда солиғини ҳисоблашда харажат сифатида инобатга олиниши мумкин.
Жисмоний шахсларнинг ислом молиялаштириши доирасида (жумладан, воситачилик, ишончли бошқарув ва шериклик) банклар ва микромолия ташкилотлари билан тузилган шартномалар бўйича олган даромадлари даромад солиғидан озод қилинади.
Ислом молияси соҳасидаги қатор операциялар ҚҚСдан озод қилинади. Улар жумласига қуйидагилар киради:
- ислом қимматли қоғозлари (сукук) билан боғлиқ битимлар, жумладан сақлаш, ҳуқуқларни ҳисобга олиш, ўтказиш ва савдоларни ташкил этиш, чиқариш бўйича хизматлар бундан мустасно;
- банклар ва микромолия ташкилотларининг ишончли бошқарув шартномалари бўйича хизматлари;
- ислом лизингида ижара тўловлари ва сотиб олиш қиймати ўртасидаги фарқ кўринишидаги даромад;
- ислом молиялаштириши доирасида мижозларга реализация қилинадиган товарлар бўйича устама.
Бунда кўчмас мулкни ислом лизингига берувчи банклар ва микромолия ташкилотлари мол-мулк солиғи тўловчилари деб тан олинади.
Ҳужжат бир қатор қонунларга, жумладан «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга, Солиқ кодексига, кредит бюролари тўғрисидаги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритади.
Шунингдек, белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда ислом молиявий тамойиллари асосида ишлашга рухсат берилган микромолия ташкилотлари учун ҳам нормалар жорий этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилда тижорат банкида камида битта «ислом дарчаси»ни ишга тушириш, 2026—2030 йилларда эса иккита тўлақонли ислом банкини ташкил этиш режалаштирилган. Янгиликлар қўшимча равишда қарийб 1 млрд доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда.
Марказий банк раҳбари Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, 10 дан ортиқ кредит муассасаси ушбу йўналишда ишлашга тайёргарликни бошлаб юборган.