
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, унда вазирлик ходими аёлга интим алоқа эвазига мактаб директори лавозимини таклиф қилган аудиоёзув юзасидан изоҳ берди.
Ёзувда эркак аёлга менежер сертификатини олишга ва уни «яхши мактаб»га директор қилиб ишга жойлаштиришга ёрдам беришни ваъда қилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳолатга алоқадор ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Вазирлик «таълим тизимидаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувига кескин қарши чиқишини» таъкидлади.
ММТВ, шунингдек, «тизимда ишловчи барча ходимлар томонидан касб этикаси қоидаларига қатъий риоя этилишини ёқлайди». Бундай ноқонуний ҳаракатларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади, дейилади хабарда.