
Тошкент шаҳар Яккасарой тумани жиноят ишлари судида инсон аъзолари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда «Миллар» дастури хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 12 кишидан иборат гуруҳни қўлга олган эди.
Тергов версиясига кўра, улар ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларига чалинган беморларни топиб, соғлом одамларни катта миқдордаги пулга ўз аъзоларини сотишга кўндирган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, гумонланувчилар хориждаги алоқалари ёрдамида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириб, донорларни беморларнинг қариндошлари сифатида кўрсатган. Аъзоларни кўчириш операциялари қўшни давлатдаги хусусий клиникалардан бирида ўтказилган.
Жиноий гуруҳ фаолияти давомида беморларга жигар ва буйрак кўчириш бўйича 30 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Бундан ташқари, операциялардан сўнг аҳволи яхшиланмаган беморларга гуруҳ аъзолари кучли оғриқ қолдирувчи воситаларни оширилган нархларда сотганлар.
«Эрим ўз буйрагини сотишга мажбур бўлди. Биз Тожикистонга бориб, трансплантация қилдирдик. 15 минг долларга келишувга эришилганди. Лекин операциядан кейин қўлимизга 5000 доллар беришди», — деди донорлардан бирининг турмуш ўртоғи.
Беморлардан олинган маблағнинг фақат бир қисми клиника ва донорлар учун тўловга сарфланган, қолгани гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланган.
Суд гуруҳ ташкилотчиси Б. Н.ни Жиноят кодексининг:
- 133-1-моддаси иккинчи қисмининг «а» ва «б» бандларида (Инсон аъзолари ёки тўқималарини такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб олиш ёки сотиш);
- 228-моддаси иккинчи қисмининг «а» ва «б» бандларида (Ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида расмий ҳужжатни тайёрлаш, қалбакилаштириш ёхуд бундай ҳужжатни сотиш, ўша мақсадларда қалбаки штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш ёхуд уларни сотиш, такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса);
- 228-моддаси учинчи қисмида (Била туриб сохта ҳужжатдан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.
Унга умумий тартибли колонияда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Гуруҳнинг қолган аъзоларига қуйидаги жазолар тайинланди:
- М. Н. (аёл) — 4 йил 1 ой шартли жазо;
- И. Е. (аёл) — 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- М. Р. (аёл) — 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- У. Н. (эркак) — 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- М. Б. (эркак) — 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- Ф. Р. (эркак) — 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- С. М. (эркак) — 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, иш ҳақининг 20% давлат даромадига ушлаб қолинган ҳолда.
- С. Т. (эркак) — 3 йил 28 кун муддатга озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқлардан маҳрум этиш билан;
- Б. Б. (эркак) — 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш;
- О. Ш. (эркак) — 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш;
- Ф. Х. (аёл) — 4 йил муддатга озодликни чеклаш.
2022 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистонда Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисидаги қонун кучга кирди. Қонун устида иш 2017 йилдан бери олиб борилган. Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш давлат тиббиёт муассасаларида амалга оширилишига рухсат берилган.
2022 йил июнь ойида инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган.