Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 18/11/2025

Ўзбекистонда инфляцияни пасайтириш учун агросектор ва хизматлар соҳасини молиялаштириш оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган вазифалар тўғрисидаги маълумотлар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси ўтган йилги 10,2%га нисбатан 7,8%гача пасайди. 2026 йилда ушбу кўрсаткични 7%гача пасайтириш, 2027 йилда эса 5% доирасида ушлаб туриш режалаштирилган.

Инфляцияни пасайтириш бўйича мақсадларга эришиш учун ички бозорда товарлар ва хизматлар таклифини рағбатлантириш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йилда банклар аграр сектор, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кўпайтиради.

Президент асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриш муҳимлигини таъкидлади.

Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш учун банклар 2026 йилда иқтисодиётни кредитлашни 450 триллион сўмгача оширади.

Давлат раҳбари микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар ижросини алоҳида кўриб чиқди. 2025 йил бошидан буён тадбиркорларга 116 триллион сўм кредит ажратилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 40 фоизга кўп.

Бевосита маҳаллаларда ишлаш доирасида 1,1 триллион сўм кредит олган 89 минг кишининг бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланди, дейилади хабарда. Йил охиригача ушбу кўрсаткич 100 минг кишига етиши керак.

2026 йилда камбағалликни қисқартириш ва аҳолини тадбиркорликка фаол жалб қилиш ишларини давом эттириш режалаштирилган. Микро, кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини 140 триллион сўмга етказиш ва яна 100 минг кишининг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.

Президент банк-молия сиёсатининг асосий вазифаси аҳоли ва бизнес учун барқарор молиявий муҳит яратиш, банк тизимига ишончни мустаҳкамлаш ва молия бозорида соғлом рақобатни ривожлантириш бўлиб қолишини таъкидлади.

2025 йилда инфляция

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиётидаги инфляцион жараёнлар талаб ва таклифнинг турли омиллари таъсирида шаклланди. Инфляция, жумладан, базавий инфляция пасайганига қарамай, ички талаб томонидан барқарор босим сақланиб қолмоқда.

Регулятор шарҳига кўра, I чоракда асосий турдаги товарлар таклифидаги узилишлар фонида инфляциянинг тезлашиши қайд этилган. Май ойида, энергия ташувчилар тарифлари оширилишининг бирламчи таъсирлари якунлангач, нархлар ўсишининг секинлашиши кузатилди.

III чоракда, талабнинг сусайиши ва миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши фонида йиллик инфляция сентябрь ойида 8%гача пасайди. Энергия ташувчилар нархлари таъсирини ҳисобга олмаганда инфляция 6,8%ни ташкил этди, бу йил бошидаги даражадан 0,6 фоиз бандга юқори. Бу иқтисодиётда сақланиб қолаётган инфляцион босимни кўрсатади.

Импорт инфляциясининг пасайиши ва ноозиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашиши III чоракда сўм курсининг мустаҳкамланиши билан боғлиқ. Бироқ пул ўтказмаларининг юқори ҳажми ва чакана кредитларнинг фаол ажратилиши аҳолининг харид қобилиятини қўллаб-қувватлаб, инфляцион босимнинг сақланиб қолишига ҳисса қўшди.

Юқори иқтисодий фаоллик фонида аҳоли реал даромадларининг ўсиши келгусида ҳам талабнинг проинфляцион таъсири сақланиб қолиши мумкинлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, энергия ресурслари нархлари ошишининг иккиламчи таъсирлари — хусусан, ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика харажатларининг ортиши — таклиф томонидан инфляцияга таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Базавий инфляция 2025 йилнинг биринчи ярмида ўсувчи трендни намойиш этиб, июнь ойида 8,6%га етди. Бироқ III чоракдан бошлаб, қатъий монетар сиёсат ва курснинг мустаҳкамланиши фонида у пасайишни бошлади ва сентябрь ойида 7 фоизни ташкил этди.

МБ шунингдек, нархлари секин ўсувчи товарлар ва хизматлар улуши ошганини қайд этмоқда: агар йил бошида у 30 фоизни ташкил этган бўлса, сентябрда 66 фоизга етди. Бу нарх барқарорлашуви кўламининг кенгайганидан далолат беради.

Регулятор ҳисоб-китобларига кўра, муқобил кўрсаткичлар ҳам инфляцион босимнинг юмшаганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, базавий инфляция 2025 йил бошига нисбатан ҳали сезиларли даражада пасаймаган, бу ички талаб омилларининг давом этаётган таъсиридан далолат беради.

2025 йилда товарлар инфляцияси хизматларга нисбатан пастроқ ва барқарорроқ даражада шаклланмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши 2024 йилги паст база (мева ва сабзавотлар нархлари) ҳамда гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари нархига таъсир қилган ташқи омиллар билан изоҳланади.

Автомобиль ёқилғиси нархлари ошишига қарамай, курснинг мустаҳкамланиши импорт қилинадиган ноозиқ-овқат товарлари инфляциясини жиловлаб турди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги инфляция, шу жумладан тартибга солинмайдиган нархлар умумий инфляциядан юқори бўлиб қолмоқда, бу эса қатъий монетар шароитларни сақлаб қолишни талаб этади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2020 йилдан бошлаб инфляцион таргетлашга ўтишни бошлаган эди. Ўшанда инфляция бўйича доимий мақсад — 2023 йилга келиб 5 фоизга эришиш белгиланганди. 2022 йилга келиб 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга эришиш муддати 2024 йил охирига кўчирилди, ўтган йили эса бу муддат 2025 йилнинг иккинчи ярмига сурилди. 2024 йилнинг октябрь ойида иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий сценарийси бўйича муддат 2026 йилнинг иккинчи ярмига (риск сценарийсига кўра — 2027 йил охирига) кўчирилган эди.

МБ раиси Тимур Ишметов аввалроқ барча антиинфляцион сиёсатнинг натижадорлиги номонетар чоралар, жумладан рақобатни кучайтириш ва ишлаб чиқариш концентрациясини камайтириш самарадорлигига боғлиқ эканини таъкидлаган эди.