Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 2026 йилнинг биринчи чорагида прогноз иқтисодий кўрсаткичларини таъминлаш ҳамда жаҳон бозорларидаги беқарор вазиятнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида маълумот берилди.
Расмий маълумотларга кўра, дастлабки икки ойда саноат ишлаб чиқариши 7,7 фоизга, хизматлар соҳаси 15,4 фоизга ўсди, экспорт ҳажми 3,5 млрд долларга етди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар миқдори 8,3 млрд долларни ташкил этди.
2026 йил бошидан буён 9 та ҳудудни ривожлантириш учун қўшимча 2,3 трлн сўм ва 500 млн доллар йўналтирилди. Яна 3,9 трлн сўм 33 та туман ва 330 та маҳалланинг маҳаллий бюджетларига, шунингдек, худди шунча миқдордаги маблағ 37 та мураккаб туман ва 903 та маҳаллани қўллаб-қувватлашга ажратилди. Биринчи босқичда 283 та «драйвер» лойиҳасини амалга ошириш учун 1 трлн сўм йўналтирилди.
Йил якунига қадар гавжум кўчалар ва йўл бўйидаги ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга 1,2 трлн сўм, туристик салоҳиятга эга 150 та маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 450 млрд сўм, шунингдек, 400 та маҳаллада 50 та саноат микромарказларини ташкил этишга 150 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.
Халқаро вазиятнинг кескинлашиши иқтисодиётга, жумладан, логистика, импорт нархлари ва тармоқлар барқарорлигига босимни кучайтирмоқда, дейилади хабарда. Хусусан, жаҳонда нефть нархининг ошиши транспорт хизматлари ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир қилмоқда, полиэтилен ва полипропилен нархи кўтарилмоқда.
Давлат раҳбари жорий йилда инфляцияни 6—6,5 фоиз доирасида (Марказий банк прогнози бўйича) ушлаб туриш вазифасини қўйди, шунингдек, озиқ-овқат импорти, логистика муаммоларини ҳал этиш ва муқобил транспорт йўналишларидан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўришни топширди.
Бизнес муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлар хомашё таъминоти, сотиш бозорларига чиқиш ва молиялаштиришда қийинчиликларга дуч келмоқда. Экспорт ташишларидаги узилишлар ва транспорт харажатларининг ошиши асосий масалалар сирасига киради.
Шу муносабат билан, президент қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ҳаво транспорти орқали ташкил этиш ва тадбиркорлар учун имтиёзли тарифлар жорий этишни кўриб чиқишни топширди.
Шунингдек, хорижий инвестициялар билан боғлиқ вазият ҳам муҳокама қилинди. Глобал беқарорлик айрим лойиҳаларни амалга оширишга таъсир қилиши мумкинлиги қайд этилиб, шу муносабат билан доимий мониторинг юритиш ва инвесторлар билан мунтазам мулоқотда бўлиш топширилди.
Президент ижобий динамикага қарамай, раҳбарлар бўшашмаслиги кераклигини таъкидлади. Хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, инфляцияни жиловлаш, олдиндан ишлаш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси қўйилди.