
Ўзбекистонда 30 ёшдан ошган аҳоли ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 20 январдаги қарорида сўз боради.
2026 йил 1 майдан бошлаб халқаро Stent for Life ва Action Plan for Stroke дастурлари асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ишга туширилади.
Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларида инфаркт ва инсульт бўйича навбатчи бригадаларнинг туну кун фаолияти ташкил этилади.
Тез тиббий ёрдам бригадалари телеметрик электрокардиографлар ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади.
Шифохоналар ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларга чалинган беморларда шошилинч жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун антитромботик воситалар ва сарфлаш материаллари билан тўлиқ таъминланади.
Ўткир юрак-қон томир касалликлари ва мия қон айланишининг бузилиши бўйича шошилинч стационар тиббий хизмат кўрсатишга хусусий клиникалар ҳам жалб этилади. Уларнинг иштироки Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Дастур 2026 йил май ойидан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида ишлай бошлайди. Октябрь ойидан дастур Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини қамраб олади, келгуси йилнинг январидан — Қорақалпоғистон, Бухоро ва Хоразм вилоятларини, 2027 йил апрелидан — Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларини, келгуси йил июлидан эса Қашқадарё, Навоий ва Сурхондарё вилоятларини қамраб олади.
2027 йилдан бошлаб миллий дастурда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун камида 280 млрд сўм маблағ ажратилади.
Молиялаштириш
- 1 июлга қадар Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Миллий дастурни жорий этиш учун давлат бюджетидан қуйидаги миқдорда маблағ йўналтириш топширилди:
- антитромботик препаратлар харид қилишга — 16 млрд сўм;
- туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларини мия қон айланишининг ўткир бузилишини ташхислаш учун дорилар ва сарфлаш материаллари билан таъминлашга — 7,5 млрд сўм;
- ўткир юрак-қон томир касалликлари ва инсультларда шошилинч ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасаларини, жумладан стентлаш ва операциялар учун таъминлашга — 82 млрд сўм;
- тез ёрдам бригадаларини Т-ЭКГ қурилмалари ва мониторли дефибрилляторлар билан жиҳозлашга — 135 млрд сўм.
Рақамлаштириш
Соғлиқни сақлаш вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 1 апрелга қадар ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволаш тизимига рақамли ечимларни жорий этиш топширилди.
Асосий чора-тадбирлар қуйидагиларни назарда тутади:
- «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимида инфаркт ва инсульт бўйича хавф гуруҳидаги беморларнинг электрон реестрини юритиш;
- тез тиббий ёрдам хизмати учун ЭКГ натижаларини реал вақт режимида узатиш ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, шу жумладан тез ёрдам ва шифохоналар ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш;
- стационар тиббиёт ташкилотларида сунъий интеллект ёрдамида инсульт ташхисини қўйишни жорий этиш;
- «олтин соат» клиник йўналишини рақамлаштириш;
- тез ёрдам, ҳудудий шифохоналар ва республика тиббиёт марказларини бирлаштирувчи вертикал телемедицина тизимини яратиш.
Мутахассислар кенгаши
1 мартдан юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш бўйича кенгаш иш бошлайди. У республика тиббиёт марказларининг 13 нафар мутахассиси ва хорижий экспертлардан иборат таркибда шакллантирилади.
Кенгаш мақсадли тиббий кўрикларни мувофиқлаштириш, беморларнинг клиник йўналишини жорий этиш, ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар миллий реестрини юритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлади.
Мутахассисларни ўқитиш
Дастур доирасида нейроинтервенционистлар — бош ва орқа мия қон томирларида қон айланиш тизими орқали очиқ кесмаларсиз кам инвазивли операцияларни амалга оширувчи шифокорлар тайёрланади. Ҳар йили камида 10 нафар мутахассисни ўқиш ва сертификатлар олиш учун Япония ва Европа Иттифоқи мамлакатларига юбориш кўзда тутилган.
Аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари
Ҳужжатга кўра, мамлакатда аҳоли ўртасида инфаркт ва инсультнинг хавф омиллари бўйича тушунтириш ва профилактика ишлари олиб борилади. Бу шошилинч вазиятларда вақтни бой бермасликка чақирувчи ижтимоий рекламаларни ўз ичига олади.
Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун инсультнинг илк белгилари ва тез ёрдамни зудлик билан чақириш зарурлиги ҳақида дарслар ўтказилади.
Бундан ташқари, ҳар йили Бутунжаҳон юрак куни ва Бутунжаҳон инсультга қарши курашиш кунига бағишлаб қон босими, қанд ва холестерин миқдорини ўлчаш ҳамда инфаркт ва инсультда биринчи ёрдам кўрсатишга ўргатиш бўйича оммавий тадбирлар ўтказилади.