МДҲдаги илк Airbus A321XLR самолётини Qanot Sharq компанияси қабул қилиб олди

Ўзбекистоннинг Qanot Sharq хусусий авиакомпанияси Марказий Осиё ва МДҲда Airbus A321XLR самолётининг илк операторига айланди. Американинг Air Lease компаниясидан узоқ муддатли лизингга олинган 4 та лайнердан биринчиси Гамбургдаги заводдан 2025 йил 20 декабрь куни кечқурун, Тошкентда кучли қор ёғаётган вақтда етиб келди.

UK32112 рўйхатдан ўтиш рақамини олган самолётни Сергей Запорожан (капитан) ва Сергей Шитиков (иккинчи учувчи) бошқариб келди. Уни кутиб олиш учун Qanot Sharq, Airbus концерни, Транспорт вазирлиги вакиллари, шунингдек, Франция элчиси Уалид Фук ва Германия элчиси Манфред Хутерер ташриф буюрди.

Qanot Sharq таъсисчиси Носир Абдуғафаровнинг таъкидлашича, парвоз масофаси узайтирилгани ва самарадорлиги билан ажралиб турадиган ушбу турдаги самолётлар туфайли компания халқаро йўналишлар тармоғини кенгайтириш имкониятига эга бўлади. Хусусан, Лондонга, Осиё шаҳарларидан Санья (Хитой) ва Пусанга (Жанубий Корея), шунингдек, Нью-Йоркка (Будапешт орқали) янги йўналишларни очиш режалаштирилган.

A321XLR — A320neo оиласининг энг янги вакили. Номидаги XLR қисқартмаси Xtra Long-Range — ўта узоқ масофали деган маънони англатади. Самолёт тор фюзеляжли лайнерлар орасида рекорд даражадаги парвоз масофасига эга — 4700 денгиз милигача (8700 км, 11 соатгача парвоз), бу A321LR кўрсаткичидан 15 фоизга кўпдир. Airbus маълумотларига кўра, лайнер аввалги авлод самолётларига нисбатан ҳар бир ўриндиқ учун ёнилғи сарфини 30 фоизга камайтирган, шунингдек, NOx (азот оксидлари) чиқиндилари ва шовқин даражаси (50 фоизга) пасайтирилган.

CFM LEAP-1A двигателлари билан жиҳозланган самолётнинг узунлиги 44,51 м, баландлиги 11,76 м, қанотлари кенглиги эса 35,8 метрни ташкил қилади. Лайнер икки тоифали конфигурацияда 190 та ўриндиққа мўлжалланган: 16 та бизнес-класс ва 174 та эконом-класс ўриндиғи. A321XLR ўзгарувчан ёритиш тизимига эга Airspace салони, кенгайтирилган XL юк жавонлари ва битта марказий йўлакли самолётлар орасидаги энг кенг ўриндиқлардан бири билан жиҳозланган.

A321XLR илк бор 2019 йил ёзида намойиш этилган. Биринчи парвоз 2022 йил ёзида амалга оширилган. Airbus ушбу турдаги самолёт учун 500 дан ортиқ буюртмага эга эканини маълум қилган.

Ўзбекистоннинг биринчи хусусий авиакомпанияси бўлган Qanot Sharq флотида ҳозирда 7 та самолёт мавжуд: A321XLR дан ташқари, иккита A320, иккита A321LR ва иккита A330 лайнерлари бор.