
2026 йилдан Ўзбекистонда нафақат бюджет соҳаси, балки хусусий сектор ходимларини ҳам қамраб олувчи янги ижтимоий суғурта тизими амал қила бошлади. Хусусий секторда ишлайдиган аёллар 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини, барча банд бўлган шахслар эса 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик тўловларини олишлари мумкин.
2026 йилги давлат бюджетида давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини (декрет пуллари) тўлаш учун 2,49 трлн сўм, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари (касаллик варақлари) учун эса 864,4 млрд сўм кўзда тутилган. Ушбу мақсадлар учун Ижтимоий ҳимоя жамғармаси орқали жами 3,35 трлн сўм (277,8 млн доллар) ажратиш режалаштирилган.
Сенатор Малика Қодирхонова 2025 йил 18 декабрь куни Сенат мажлисида бюджет тўғрисидаги қонун муҳокамаси чоғида таъкидлашича, бюджет харажатларининг 54,7 фоизи ижтимоий соҳага, жумладан, хусусий сектордаги аёллар учун «декрет пуллари» тўлашга йўналтирилади. У ушбу йўналишдаги илк қадамлар 2022 йилдаёқ қўйилганини эслатиб ўтди.
«Ўшанда ҳукумат қарори билан 300 млрд сўм ажратилган эди. Бироқ маблағлар ўша йили тўлиқ ўзлаштирилмагани сабабли, 2025 йилда бу сумма атиги 40 млрд сўмни ташкил этди», — деди сенатор.
«Конвертдаги ойликлар» ва яширин бандлик
Сенатор аёлларнинг норасмий бандлиги билан боғлиқ сақланиб қолаётган муаммоларга эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, хусусий секторда ишлаётган аёлларнинг бир қисми ҳамон иш ҳақини «конвертда» олмоқда, бу ҳолат айниқса тикувчилик, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кўп учрайди.
«Амалиётда хусусий секторда ишлайдиган ҳомиладор аёлларнинг атиги 10 фоизи кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланган, ваҳоланки икки йилдан бери бу жараёнлар инсон омилисиз, проактив режимда амалга оширилмоқда», — деди Қодирхонова.
Шунингдек, у яширин иқтисодиёт кўламини қайд этди: 2025 йилнинг тўққиз ойида ЯИМнинг 33,3 фоизи яширин иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келган бўлса, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 50 фоизгача етади. Сенаторнинг фикрича, норасмий бандликка қарши курашмасдан туриб, янги тизим самарали ишлай олмайди.
2026 йилдан нималар ўзгаради
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруевнинг маълум қилишича, декрет нафақалари тўланмаслиги сабаблари таҳлил қилинганда, иш берувчилар қўшимча молиявий юкдан қочишга интилиши аниқланган. Шунингдек, аҳоли ва тиббиёт ходимлари ўртасида бундай нафақалар фақат бюджет ташкилотлари ходимларига тўланади, деган нотўғри тушунча шаклланган.
Абруевнинг таъкидлашича, «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши вазиятни ўзгартириши керак. Биринчидан, иш берувчилардан молиявий юк олиб ташланмоқда — гап тахминан 2 трлн сўм ҳақида кетмоқда. Бунда ҳеч қандай қўшимча бадаллар жорий этилмайди, барча тўловлар амалдаги солиқлар ва бюджет трансфертлари ҳисобидан қопланади. Иккинчидан, тўловлар тўлиқ автоматлаштирилади ва проактив форматда амалга оширилади.
Назорат ва бандликни легаллаштириш
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Сирожиддин Бобоқулов ислоҳотларга тайёргарлик доирасида 17 538 та текширув ўтказилганини маълум қилди. Натижада аёллар ҳуқуқларига оид 7 800 та қонунбузарлик аниқланган.
Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилотининг 190-сонли конвенцияси доирасида Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда 10 календарь кунигача қўшимча таътил бериш белгиланмоқда. Шунингдек, 2026 йилда Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда минглаб аёлларни касбга ўқитиш ва тадбиркорлик бошлаши учун субсидиялар ажратиш режалаштирилган.
Янги тизим қандай ишлайди
Ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» тизимининг «Ижтимоий суғурта» модули орқали тайинланади. Тизим автоматик тарзда маълумотларни олади, қарор қабул қилади, нафақа миқдорини ҳисоблайди ва маблағ ўтказиш учун маълумотларни шакллантиради.
Нафақа тайинланишининг асосий шарти — суғурта стажининг мавжудлиги. Суғурта бадаллари тўланмаган расмий меҳнат стажи нафақа ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Касаллик варақлари:
- календарь йилидаги вақтинча меҳнатга лаёқатсизликнинг дастлабки 5 кунини иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди;
- 6-кундан бошлаб нафақа Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан тўғридан-тўғри ходимга тўланади.
Агар суғурталанган шахснинг иш берувчиси бўлмаса (ЯТТ, ўзини ўзи банд қилган), касаллик варақасининг дастлабки 5 куни учун ҳақ тўланмайди.
Декрет пуллари
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан тўлиқ тўланади. Маблағлар тижорат банки орқали жисмоний шахсларнинг карталарига ўтказилади.
Иш берувчилар учун нималар ўзгаради
2026 йил 1 январдан иш берувчилар (жумладан ЯТТлар) қуйидагиларга мажбур:
- ЯММТда ходимларга бериладиган таътилларнинг барча турларини рўйхатдан ўтказиш;
- Фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномаларни (ФҲШ) рўйхатдан ўтказиш;
- ЯММТга меҳнат шартномалари ва уларга киритилган барча ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида киритиш;
- Ходимларга уларнинг аризасига кўра йилига 2 иш кунигача иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил бериш;
- Касаллик варақасининг дастлабки 5 куни учун ўз маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаш (шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиганларга ҳам).
2026 йилдан декрет пуллари иш берувчининг жавобгарлик ҳудудидан тўлиқ чиқарилади — тўловлар унинг иштирокисиз амалга оширилади. Иш берувчи ахборот тизимларига киритилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар.
Агар нафақа нотўғри маълумотлар ёки суиистеъмол қилиш натижасида оширилган миқдорда тўланган бўлса, зарар ходим ва (ёки) иш берувчи томонидан қопланади. Шу билан бирга, ахборот тизимларидаги носозликлар ёки техник хатолар туфайли ортиқча тўланган суммалар қайтарилмайди ва жамғарма харажатларига киритилади.
Бундан ташқари, «Ижтимоий суғурта» модули ЯММТда меҳнат стажи акс эттирилмаган ҳолда иш ҳақи олаётган шахслар рўйхатини шакллантиради. Ушбу маълумотлар Бандлик вазирлигига юборилади ва меҳнат инспекцияси томонидан текширув ўтказиш учун асос бўлиши мумкин.
Ихтиёрий ижтимоий суғурта
Ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси қуйидагиларга тааллуқли:
- ўзини ўзи банд қилган шахслар;
- якка тартибдаги тадбиркорлар;
- компания таъсисчилари;
- мажбурий ижтимоий суғурта билан қамраб олинмаган бошқа фуқаролар.
Иштирок этиш учун «Ижтимоий суғурта» модулида (ЯММТ, ЯИДХП, «Инсон» марказлари ёки банклар орқали) рўйхатдан ўтиш ва мустақил равишда энг кам суғурта бадалини тўлаб бориш зарур.