Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 31/01/2026

Ўзбекистон ички ишлар вазирининг комплаенс ва кадрлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари тайинланди

Рустам Мирзаев / Диёрбек Сатторов

Президент фармон ва қарорлари билан Ўзбекистон ички ишлар вазирининг икки нафар янги ўринбосари тайинланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Рустам Равшанович Мирзаев ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Ўзбекистон Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимидан озод этилди. У ушбу лавозимга 2025 йил июль ойида тайинланган эди. Бунгача Хавфсизлик кенгаши аппаратининг мафкуравий ва ахборот-тушунтириш тадбирлари сектори мудири бўлиб ишлаган. 2020 йиллар бошида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида фаолият юритган.

Диёрбек Нематжонович Сатторов ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.

Тайинловга қадар у Президент Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари департаментининг сектор мудири лавозимида ишлаб келаётган эди. 2022 йилда ИИВ Ташкилий департаменти бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган.

Аввалроқ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимидан Даврон Назармуҳамедов озод этилган эди.