
Аюбхон Раҳматуллаев / Даврон Назармуҳамедов
Ўзбекистон президенти ички ишлар вазирининг икки нафар ўринбосарини эгаллаб турган лавозимидан озод этди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Қарорларга мувофиқ, Аюбхон Раҳматуллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.
У ушбу лавозимда 2025 йилнинг мартидан буён ишлаб келаётган эди. Бунгача эса Андижон вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, Даврон Назармуҳамедов ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.
У ушбу лавозимни 2023 йил август ойидан бери эгаллаб келаётган эди. Назармуҳамедов 2019 йил июнь ойидан Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган. Унгача — 2014 йил сентябридан ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. Илгари президент аппаратида ишлаган, ИИВ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлган.