
Тошкент вилоятида икки нафар ички ишлар органи ходими коррупцияда гумонланиб қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ).
Тезкор тадбирлар ўтказилишига вилоят аҳолисининг ДХХ янги колл-марказига келган мурожаати сабаб бўлган.
Аризага кўра, ИИБ ходими суд органларидаги алоқаларидан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210 (Пора олиш), 131 (Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш), 135 (Одам савдоси), 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 165-моддалари (Товламачилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов остида бўлган собиқ ички ишлар ходимига нисбатан енгилроқ жазо тайинланишида ёрдам беришни ваъда қилган.
«Хизматлари» эвазига у айбланувчининг яқин қариндошларидан 20 минг доллар талаб қилган. 2025 йил 16 май куни ДХХ ва ИИВ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу ИИБ ходими бутун суммани олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бошқа бир ҳолатда, 2025 йил 17 май куни ДХХ томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИВ тезкор бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар органи ходими қўлга олинди.
У Тошкент судининг мансабдор шахслари орқали Жиноят кодексининг 103 (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 112-моддалари (Қотиллик ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш) бўйича 8 йил 5 ой озодликдан маҳрум этилган маҳкумга нисбатан апелляция инстанциясида ҳукмни юмшатишга эришишни ваъда қилган. Эркак маҳкумнинг танишидан 24 минг доллар пора олган ва ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Қўлга олинган шахсдан адвокат ва ҳакамлик суди судьяси гувоҳномаси, шунингдек, ИИВнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруғи нусхаси топилган.
Бу ходим 2014 йилгача ички ишлар органларида ишлаган, 2022 йилдан эса адвокатлик фаолияти билан шуғулланган. «2025 йилнинг апрель ойида унга яна бир имконият берилган ва у ички ишлар органларига тикланган эди. Афсуски, тикланганидан 2 ой ўтмай у яна коррупциявий жиноят содир этди», — дейилади хабарда.
Иккала ҳолат бўйича ҳам Тошкент прокуратураси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми (пора бериш) бўйича жиноят ишлари қўзғатди. Тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Давлат хавфсизлик хизмати мурожаатларни тезкор қабул қилиш учун колл-марказ ишга туширган эди. Қисқа рақам — 1520. Ёлғон, туҳмат ёки ҳақоратли аризалар берганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.