ИИБ ходими «Тошкент» халқаро аэропортида паспорт хизматларини тезлаштириш учун пул олаётганда қўлга олинди

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш департаментининг «Тошкент» халқаро аэропортида ишлаган паспорт-виза бўлими катта инспектори 400 доллар миқдорида пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, у бу пул эвазига вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспортига хорижга чиқиши учун ҳамроҳлик қилувчи шахс маълумотлари ёзилган муҳрни тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб беришни таклиф қилган.

Маълум бўлишича, 2025 йил бошидан ҳозирги вақтга қадар катта инспектор Ўзбекистонда бўлиб турган 42 нафар хорижий фуқародан чиқиш визасини расмийлаштириш учун ҳар биридан 300 доллардан 700 долларгача пул олган.

Бундан ташқари, тергов версиясига кўра, у Ўзбекистоннинг 8 нафар фуқароси учун ҳамроҳлик қилувчи шахс ҳақидаги муҳрни тезлаштирилган тартибда расмийлаштириш учун 200-400 доллардан пора олган.

ДХХ коррупцияда гумон қилиниб, ИИБ ходимлари қўлга олинган яна 2 ҳолат ҳақида хабар берди.

Хусусан, Бухоро вилояти ИИБ ходими фуқарога танишлари орқали Бухоро ИИБ тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноий ишни гумонланувчига тегишли қисми бўйича тугатишга ёрдам беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 13 минг доллар талаб қилиб, пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Яна бир ҳолат Ангренда аниқланди. Тошкент вилояти ИИБ Қўриқлаш бошқармаси шаҳар бўлими ходими бўлинма командири ўринбосари билан биргаликда Оққўрғон тумани фуқаросига 1500 доллар эвазига танишлари орқали бошқармага ишга жойлашишни таклиф қилган. У 1000 доллар аванс олаётганда қўлга олинган.

Мазкур ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, улар ҳибсга олинди. Тергов давом этмоқда.