
Тошкент шаҳри Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг профилактика инспектори ўзига давлат томонидан берилган уйда наркотик лабораторияси ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тезкор-қидирув тадбири натижасида уйда (видео) 10,5 кг «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳванд моддаси, 4 гр «Спайс», наркотик тайёрлашда ишлатиладиган 588 гр суюқлик, шунингдек, ускуналар ва электрон тарозилар ашёвий далил сифатида топилиб, олиб қўйилди.
Бундан ташқари, инспекторнинг Тошкент туманидаги доимий яшаш жойи текширилганда, ерга яширилган тахминан 430 г «Альфа-ПВП» гиёҳванд моддаси топилган.
ДХХ маълумотларига кўра, ходим Telegram мессенжеридаги профиль эгасининг топшириғига биноан ҳаракат қилиб, мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган синтетик наркотикларни наркокурьерлардан қабул қилиб олган, уларни яширин лабораторияда қайта ишлаган ва сотган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 28-моддаси (жиноятда иштирокчилар турлари) орқали 246-моддаси 2-қисми (ядро, кимёвий, биологик ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуроллари, уларни яратишда атайлаб фойдаланилиши мумкин бўлган материаллар ва ускуналар, радиоактив материаллар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилишда иштирокчилик) ва 25-моддаси орқали 273-моддаси 5-банди (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда ғайриқонуний сотишга тайёргарлик кўриш) билан жиноий иш қўзғатилган.