
Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни фош этиш учун дронлардан фойдаланиш бошланди. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Раҳимжон Наимов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ИИБ ишига учувчисиз технологиялар жорий этилган биринчи ҳудуд Бухоро вилояти бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилда вилоятга ташрифи чоғида берган топшириғига кўра, вилоят ҳокимлиги 150 та дрон сотиб олган.
«Ҳозирги вақтда 5 та вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 84 та бўлинмаси ходимларини дронлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу дронлар вазирлик томонидан сотиб олинган. Қўшимча харидлар масаласи кўриб чиқилмоқда», — деди ИИВ вакили.
Унинг қўшимча қилишича, 2026 йил охиригача барча туман ва шаҳар бўлинмаларини учувчисиз учиш аппаратлари билан тўлиқ таъминлаш режалаштирилган.
Раҳимжон Наимовнинг аниқлик киритишича, дронлар асосан криминоген вазият мураккаб бўлган ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, майда безорилик, экологик ҳуқуқбузарликлар ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш учун қўлланилади.
«Дрон юқоридан кузатиш имконини беради, ИИБ ходимлари эса аниқланган вазиятларни бартараф этиш чораларини кўради. Дронлардан фойдаланиш ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олишда самарадорликни сезиларли даражада оширди», — деди у.
Хизмат бошлиғи ўринбосари профилактика катта инспекторларини дронларни бошқариш бўйича ўқитиш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилганини таъкидлади.
«Барча ходимлар ҳам дронларни бошқара олмайди. Профилактика катта инспекторлари босқичма-босқич ўқитилмоқда. Ҳозирда Бухоро ва Фарғона вилоятларида инспекторлар тайёрланди. Улар фақатгина сертификат олгандан сўнггина дронларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлади», — деди Раҳимжон Наимов.
2024 йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги органлари фаолиятига дронларни жорий этиш ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йилдан бошлаб дронларни хусусий тартибда олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқланган. Бир неча бор дронларни олиб юрган сайёҳларнинг қўлга олингани ҳақида хабар берилган. 2024 йили бунинг учун жазо енгиллаштирилди — энди учувчисиз учиш қурилмаларини ноқонуний олиб кириш, сақлаш ва улардан фойдаланишда биринчи марта айбланганлар жиноий эмас, маъмурий жавобгарликка тортилади.